Ис гази (углерод оксиди) — рангсиз, ҳидсиз заҳарли газ. У асосан кўмир, табиий газ, ўтин чўғларининг тўлиқ ёнмаслиги сабабли юзага келади. Ис гази организмга тушганда, у қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислороднинг тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Натижада инсон ҳушини йўқотади.
Газдан заҳарланганда биринчи ёрдам қандай кўрсатилади?
Шифокор етиб келгунга қадар қуйидагиларни амалга ошириш керак:
Жабрланувчини зудлик билан газланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиш керак;
Жабрланувчининг қўл ва оёқларини кўтарилган ҳолатда ётқизиш;
Нафас олишига халақит берувчи барча нарсаларни йиғиштириш (тугмаларни ечиб, ёқани очиш, камарни бўшатиш ва бошқалар);
Жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш. Жабрланувчини юргизиш тақиқланади;
Жабрланувчи нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдиришни бошлаш лозим;
Нашатир спиртини ҳидлатиш;
Ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш;
Жабрланувчининг ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш;
Кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш.
Қуйидагиларга амал қилиш шарт:
ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ асбоби ўрнини алмаштириш, уни янгилаш ва тузатиш, резина ва полиэтилен қувурлардан фойдаланмаслик;
дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзбошимчалик билан ўзгартирмаслик;
ёш болаларни уйда қаровсиз қолдирмаслик;
газ ускуналари ўрнатилган хоналарда ухламаслик;
газ ускуналаридан қуритиш ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик;
сиқилган газ балонлардан уйни иситиш ва ошхонада овқат тайёрлашда фойдаланмаслик;
носоз, қўлбола ясалган ва ностандарт, сифат сертификати ҳамда фойдаланиш қўлланмаси бўлмаган ускуна ва жиҳозлардан фойдаланмаслик ҳамда газ сўргич (насос)ларни ишлатмаслик.
Ўзимиз ва ўзгалар ҳаётига бефарқ бўлмайлик ва юқоридаги қоидаларга амал қилайлик. Зеро, инсон саломатлиги ва ҳаёти бебаҳо бойликдир.
Манба: «Ҳудудгазтаъминот»