Ўзбекистонда ЛГБТ фаолиятини тарғиб қилишга уриниб, бесоқолбозларни ҳар жума Ҳазрати Имом мажмуаси олдига тўпланиш ва ҳуқуқларини талаб қилишга чақирган Миразиз Бозоровга суд ҳукми билан уч йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Бугун, 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчи Миразиз Бозоров (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси С. Содиқов раислигида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра М. Базаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Мазкур ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчилар томонидан эса уларга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.
Манба: Qalampir.uz