Бугун коронавирус инфекциясининг янги штамми ҳомиладор аёлларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Хўш, бу касаллик бўлажак оналарда қандай кечмоқда? Янги мутация улар учун қанчалик хавфли?

Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси туғруқ бўлими раҳбари Юлдуз Эшонова мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Ҳомиладор аёлларда нафақат COVID-19, балки бошқа касалликларни юқтириб олишга ҳам мойиллик юқори, — дейди Ю. Эшонова. — Сабаби бу даврда иммунитет сусайиб, организмнинг касалликларга қарши курашувчанлиги пасаяди. Шу боис улар ўзларини имкон қадар турли хасталиклардан асраши зарур.

Бироқ коронавируснинг янги штаммидан ортиқча хавотирланиш ва саросимага берилиш ҳам ярамайди. Чунки айни пайт касаллик аксарият беморлар, айниқса, ҳомиладорларда оддий белгилар билан намоён бўляпти.

Хусусан, хасталик:
умумий заифлик;
тана ҳароратининг ошиши;
бош оғриғи;
мушак ва бўғимларда оғриқ;
томоқ оғриғи;
бурун битиши;
аксириш;
иштаҳанинг йўқолиши каби белгилар билан кечмоқда.

Бундан ташқари, беморларда ўпканинг зарарланиши деярли кузатилаётгани йўқ. Қоннинг кислород билан тўйиниши (сатурация) пасаймаяпти. Тана ҳарорати 1-2 кундан сўнг тушиб, организм 4-5 кундан кейин тикланишни бошламоқда.

‼️Агар COVID-19дан уй шароитида даволанаётган ҳомиладор аёлнинг тана ҳарорати 38,0 даражага кўтарилса, ҳар 6 соатда 500 мг.дан 1 таблетка парацетамол ичиш тавсия этилади.

Шунингдек,
10 кун давомида суткасига 1 марта витамин D — 5000МЕ;

10 кун давомида суткасига 1 марта 100 мгдан цинк (рух) препарати;

10 кун давомида суткасига 2 марта 250 мг.дан витамин С қабул қилинади, холос.

Қолаверса, кўп суюқлик ичиш, тоза ҳавода сайр қилиш, витамин ва минераллар билан бойитилган таомлар истеъмол қилиш касалликдан тезроқ соғайишга ёрдам беради.

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

от Admin