Фарғона туманининг “Чимён” сиҳатгоҳида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуида анъанавий Х Чимён медиафоруми ўз ишини бошлади.

Вилоят ҳокимлиги кўмагида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилаётган анъанавий медиафорумда Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 70 нафардан зиёд журналистлар, матбуот соҳаси вакиллари, ОАВ муҳаррирлари иштирок этишмоқда.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Ахборот Агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов, Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” Ахборот Агентлиги Бош директори Садриддин Суяров, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев, ўзбек журналистикаси дарғаларидан Карим Баҳриев ва бошқа кўплаб соҳанинг таниқли вакиллари иштирокида бўлиб ўтган форумнинг очилиш тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов иштирок этди.

5 кун давом этадиган медиафорум ишига кейинги кунларда Журналистика ва оммавий ахборот коммуникациялар университети ректори, ЎзЭОАВМА Бошқарув раиси Шерзодхон Қудратхўжа, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дониёр Ғаниев ва Умид Жабборов, “Рост 24” интернет сайти бош муҳаррири Анора Содиқова ва бошқа қатор тренерлар келиб қўшилиши кўзда тутилган.

Медиафорум иштирокчилари учун Сўх туманига ташриф ҳамда Фарғона шаҳри бўйлаб медиа-тур ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

от Admin