Бугун таълим тизимида ўқувчилар билан энг яқин нуқтада ишлаш, уларнинг психологик ҳолатини ўрганиш, оиладаги муҳит билан танишиш, ўзаро дўст бўлиш педоголарнинг долзарб вазифасига айланди.
Ахборот глоболлашувининг кенг ёйилиши ҳар бир педогог учун янгича ёндашувни талаб қилмоқда. Оилалар муҳитига назар солсак, кўплаб хонадонларда, айниқса шаҳар ҳудудларида истиқомат қилаётган оилар кесимида замонавий интернет тармоқлари тобора ривожланиб бораётганини кузатиш мумкин. Бу эса болаларнинг тармоқлардаги фаоллигини оширган. Жумладан улар турли ўйинлар, инсон онгига секин-аста кириб бориб, ўзига қарам қилиб олувчи видеороликларни тунда кўриш сони ортган. (Буни ота-оналар яхши билишади.) Натижада боланинг уйқуга тўйинмаслиги, тонгда уйғонишдаги ланжлик, баъзи ҳолатларда депрессия, тажовузкорлик, ўз ҳаётига, орзуларига бефарқлик туйғуларни шакллантиради. Авваллари китоб мутолааси натижасида, ундаги қаҳрамонлар фарзандларнинг орзусига айланган эди. Уларга ўхшашликка интилиш, келажакни кўра билиш каби туйғулар ҳаётга муҳаббатни оширган. Афсуски, бугун интернет тармоғида ана шундай инсонни яхшиликка етакловчи материаллар сони жуда оз. Ҳар қандай ахборотларда тажовузкорлик руҳи ўсиб бормоқда. Дунёнинг қайсидир бурчагидаги хунрезлик, урушлар ўйинларга кўчирилиб, болалар онгини заҳарламоқда.
Бу муаммоларни бартараф этиш учун бугун барча бирдек курашмоғи шарт. Биринчи қадам оиладан бошланади. Оилада ота-оналар бугун фарзандларини интернет тармоғида нима билан машғул бўлаётганини билишлари керак. Қолаверса, болаларни мактабдаги вақтларини таълим олишга, телефондан узоқлаштиришга эътибор қаратиш муҳим.
Бизнинг 1-ДИУМда 2983 нафар ўқувчиларнинг 984 нафари қиз болаларни ташкил этади. Айни пайтда 3 нафар амалиётчи психологлар фаолият юритиб келмоқда. 2983 нафар кўрсатгич, шунча “Оила” дегани. Улар ҳар куни ўз фарзандларини таълим ва тарбия олиш истагида ўқув масканига кузатадилар. Педогогларнинг масъулияти ниҳоятда катта. Ўқувчилар билан ишлаш машғулот ва тренингларни ўтказиш муҳим. Таълим муассасамизда ўқувчилар учун “Релаксацион”, “Психологик терапия”,“Изотерапия” яъни ижодий тарзда ҳиссиётларини бўёқлар орқали акс эттириш, эшитиб, психологик завқ олувчи релакс мусиқаларидан фойдаланган ҳолда аутодеструктив ҳатти-ҳаракатлар содир этадиган ўспиринларнинг жамиятда мослашишига, ўзлари, тенгдошлари, катталар билан муносабатларни уйғунлаштиришга, шунингдек, девиант ҳатти-ҳаракатларнинг олдини олишга ёрдам беришдан иборат машғулотлар ўтиб келинмоқда.
“Буллингсиз мактаб”, “Ўқувчиларнинг шахсий алоқалари бўйича сўровнома” машғулоти улар учун муҳим жараёнлардан бири ҳисобланади. Буни кўпроқ юқори синф ўқувчилари иштирокида ўтказиш самаралидир.
Бу машғулотларнинг асосий мақсади мактабда ёки синфда зўравонликни эрта аниқлаш, шахслараро ва гуруҳлараро муносабатларни ташхислаш, психологик муҳитни ўрганиш, зиддиятли вазиятларни олдини олишга қаратилган. Унда болаларнинг руҳий оламида бўлаётган ўзгаришларни аниқлаш имконияти мавжуд. Натижада улардаги ўзгаришлар аниқланади. Бундай машғулотлар ўтказилгандан сўнг, ота-оналар билан ҳамкорлик йўлга қўйиб келинмоқда.
Шунингдек, ўқувчиларни психолог-педагоглар билан биргаликда касб ҳунарга йўналтиришга ҳам катта эътибор қаратиб келмоқдамиз. Сентябрь ойи “Ишчи касблар ойлиги” деб белгиланган бўлса, октябрь ойини “ Маиший хизмат кўрсатиш соҳасига оид касблар ойлиги” деб эълон қилинди. Ойлик доирасида касбга оид тушунчалар, сўровномалар ва тренинг машғулотлари ўтказилмоқда.
Биз юқорида айтиб ўтганимиздай, оила ва мактаб ҳамкорлиги мустаҳкамлансагина, ёшларнинг психологик ҳолатини билиб боришимиз, унда салбий ўзгаришлар юзага келаётгандан бўлса, даволашимиз мумкин.
Шу ўринда ёшлар руҳий оламини шундай ифодалаш мумкин. Ташқи муҳит, интернет секин-секин ёшлар онгига ўрнашиб бораётган иллатлар худди ер тагида тўпланаётган вулқонга ўхшайди. Агар унга вақтида эътибор қаратилмаса, вақт келиб, салбий иллатлар вулқондай ташқарига отилиши, бу эса жамиятни, оила ва мактабни энг ёмони ёш инсонни ҳалокатга етаклашиб аниқ.
Шундай экан, биз, мактаб педагоглари ҳам бу борадаги фаолиятимизни янада самарали ташкил этишга бутун диққатимизни қаратишимиз зарур.
Қундуз Сардорова, Гулҳаё Турсунова,
Наманган шаҳридаги 1-ДИУМнинг амалиётчи психологлари