Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Миллий кутубхона «яқин вақт ичида» суткасига 24 соат ишлай бошлашини маълум қилди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса бундай ваъдалар аввал ҳам берилганини эслатди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси яқин вақт ичида ҳафтасига етти кун, суткасига 24 соат ишлаш режимига ўтади. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев маълум қилди.
«Сўровингизга кўра, АОКА ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарияти билан боғландим. Кутубхона тез орада 24/7 ишлаш режимига ўтишини маълум қилишди. Ҳозир вазирлик ва идоралар билан жараённи расмий йўлга қўйиш ишлари давом этмоқда», — деб ёзди Саъдуллаев Twitter’даги саҳифасида.
Сенаторнинг қўшимча қилишича, «жараён бошланган, АОКА ва Миллий кутубхона ҳамма ишларни амалга оширмоқда». «Ходимларнинг тунги иш вақти, меҳнат тартиби ва маош тўлаш масаласида экан жараён. Умид қиламизки, тез орада жараённи йўлга қўйиб юборишади», — дея қўшимча қилган у.
Ҳозирда Миллий кутубхона иш кунлари 8:00 дан 21:00 га қадар, дам олиш (шанба ва якшанба) кунлари эса 9:00 дан 17:00 га қадар китобхонларни қабул қилади. Айни вақтда, «Нодир» ноёб манбалар зали иш кунлари 9:00 дан 18:00 гача фаолият кўрсатади, дам олиш кунлари эса ишламайди.
Миллий кутубхонанинг иш вақтига доир мунозаралар Twitter микроблоглар хизматининг ўзбек сегментида 22 октябрь куни бошланган эди. Фойдаланувчи Miss Gatsby Twitter’да Алишер Саъдуллаевга мурожаат қилиб, «квартирада ва ётоқхонада турадиганлар учун ягона ўқиш жойи» бўлган Миллий кутубхонадан китобхонлар дам олиш кунлари соат 16:30 дан чиқариб юборилишини, шу боис кутубхонани 24/7 режимида ишлайдиган қилиб беришни сўраган эди.
Алишер Саъдуллаев бу мурожаатни ўз саҳифасида қайта улашиб, бошқа фойдаланувчиларнинг бу борадаги фикрини сўраган. Унинг сўровига 150 га яқин жавоб қайтарилган. Жавобларнинг аксариятида фойдаланувчилар кутубхонанинг 24/7 режимида ишлашини олқишлаган, иш вақтини ҳеч бўлмаса 23:00 га узайтириш ҳам самарали бўлиши айтиб ўтилган. Шунингдек, бир гуруҳ фойдаланувчилар Миллий кутубхонага кириб-чиқишни осонлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг иш вақтини 23:00 га қадар узайтириш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида муассаса раҳбари Умида Тешабоева 2019 йил апрелида маълум қилган эди. «Кечки вақт ишлайдиган ходимларга амалдаги қонунчилик бўйича иш ҳақи тўлаш масаласи ўрганилмоқда. Миллий кутубхона 23:00 га қадар ишлаши учун фондни сақлаш, хизмат кўрсатиш каби бўлимларда 36 та қўшимча иш ўрни яратилиши талаб этилар экан. Бу масалалар устида ҳозир иш олиб борилмоқда», — деганди у.