Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида операция учун йиғилган пуллар фирибгар томонидан ўзлаштирилди, деб хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази.
Қайд этилишича, Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Ж. ариза билан мурожаат қилиб, Telegram мессенжерида набирасининг операциясига ёрдам сўраб «Муҳтож инсонларга ёрдам» гуруҳида банк картаси ва телефон рақамларини жойлаштирганини маълум қилган. Шундан сўнг номаълум шахс фуқаро Н.Ж.га қўнғироқ қилиб, катта миқдорда пул маблағларини ўтказиб беришни ваъда қилган. Унинг ишончига кириб, телефон рақамига келган SMS хабарномани қўлга киритиб, жами 6 миллион 300 минг сўм пулларини ўзлаштирган. Жабрланувчи унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик йўли билан пулларни ўзлаштирган шахс муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан бир неча маротаба судланган Элликқалъа туманида яшовчи 2004 йилда туғилган А.Ж. экани аниқланган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.