Тармоқларда Термиздаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат ўтаётган қаршилик йигит вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Мудофаа вазирлиги унинг соғлигидаги шикоят учун клиник госпиталга ётқизилгани ва операциядан сўнг йигитда биологик ўлим қайд этилганини маълум қилди.
Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ижтимоий тармоқларда Термизда ҳарбий хизмат ўтаётган қаршилик йигит вафот этгани тўғрисида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Термиздаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган оддий аскар К.Қ. соғлиғи бўйича шикоят қилганлиги сабабли 11 ноябрь куни Марказий ҳарбий клиник госпиталга ётқизилган.
Тиббий текширувлар натижасида бемор К.Қ. «юракнинг ўнг бўлмачасида контраст тўлдириш дефекти (тромб), кўкс оралиғида ҳажмли ҳосила, икки томонлама гидроторакс» аниқланган. 14 ноябрь куни бемор шошилинч равишда «American Hospital» клиникасида кардиохирург консультациясига олиб борилган.
«Бемор ҳаёти учун ташхис ва жарроҳлик операцияси ўта хавфли ҳисобланади. Аммо ҳаётий кўрсатмаларга асосан жарроҳлик операциясини бажариш лозимлиги сабабли клиникада госпиталь мутахассислари иштирокида жарроҳлик операцияси ўтказилган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, беморнинг умумий аҳволи ўтказилган жарроҳлик операциясига мос равишда оғирлигича қолган. Ўтказилган реанимацион чора тадбирларга қарамасдан беморда биологик ўлим қайд этилган.
Қашқадарёлик блогер Азизбек Яздурдиевнинг маълум қилишича, марҳум йигит ҳарбий оркестрда хизмат қилган бўлиши мумкин.
«Икки кун илгари уйдагиларига қўнғироқ қилиб, пул кераклигини, узоқроқ жойга кетишаётганини айтган экан. Раҳматли қўли гул сартарош, мусиқа асбобларини чала оладиган даражада санъаткор йигит эди», — дейди блогер.