Куни кеча очиқ суд мажлисида муқаддам судланиб, жиноий жавобгарликка тортилган Зоҳир Маҳмудов (исм-шарифлар шартли) иши кўриб чиқилди. Маълумот учун, қуриш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланадиган масъулияти чекланган жамиятида иш бошқарувчи бўлиб ишлаган бу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан 5 йил-у 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Шунингдек, судланувчидан жабрланган Ю.Қодировга 57.042.500 сўм моддий зарар ундириш белгиланганди.
Зоҳир Маҳмудовга юқоридаги жазо қуйидаги қилмишлари учун берилди. Биринчи ҳолатда фуқаро К. Қобиловга “Малибу” русумли автомашинани 14000 АҚШ долларига сотиб, автомашинани унинг номига расмийлаштириб бермайди. Аксинча, олинган пулни қайтаришини айтиб алдаб, ҳақиқатда маблағдан 8000 АҚШ долларинигина қайтарган. Машинани эса ўзи билан бирга олиб кетиб, қолган 6000 АҚШ долларини шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборган.
Фуқаро Ю. Қодировга бўлса шерикликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни таклиф қилган. Цемент маҳсулотлари олиб келиб сотиш баҳонасида унинг 52.838.000 сўмга тенг 5000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Панжара ортидаги ҳаёт судланувчига яхши сабоқ бўлди, шекилли, апелляция шикоятида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради. Жабрланган Ю. Қодиров ҳам ўзига етказилган зарар тўлиқ қоплангани, даъвоси йўқлигини билдирди.
Юқоридагиларга кўра, ҳукм ўзгартирилди.
З. Маҳмудовга нисбатан жазоларни қисман қўшиб, чегириб, қамоқда бўлган ҳар бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб ҳисоблаб, узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 8 ой 27 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.
Ўйлаймизки, судланувчи ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, буткул тузалиш йўлига ўтади.
Дилмурод Мадаминов,
Наманган вилояти судининг судьяси