Фарғона вилояти Бувайда туманида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Улар 3 кунлик ёш келин-куёв бўлгани ва эр ўзи ясаган печкалардан бирини уйга ўрнатгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланди.
24 ноябрь куни Фарғона вилояти Бувайда туманида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, ўша куни 08:30 ларда тумани прокуратурасига «Ўрта Қўнғирот» МФЙ, Қўрувчилар кўчасида истиқомат қилган фуқаро А.А. ва унинг турмуш ўртоғи У.Н. ис газидан заҳарланиб, вафот этганликлари ҳақида хабар келиб тушган.
Ёнғинга қарши кураш жамияти туман ҳудудий бўлими техник хавфсизлиги муҳандисининг хулосасига кўра, мазкур иситиш мосламаси ёқилган ҳолда бўлган, унинг дуд бурони ностандарт ҳолатда ташқарига чиқарилганлиги натижасида газ тўлиқ ёнмасдан, ис гази назоратсиз ҳолатда хона ичкарисига тарқалишига сабабчи бўлган.
Вафот этганлар 3 кунлик ёш келин-куёв бўлган. Хусусан, 1999 йилда туғилган куёв А.А. ҳамда 2005 йилда туғилган келин Н.У. бир-бирига қариндош бўлган. Куёв А.А. печка ясаб сотадиган уста бўлгани учун 21 ноябр куни ўзи ясаган печкалардан бирини уйга ўрнатган. Эрталаб ўғли чиқавермаганидан шубҳаланган ота уйга кириб мудҳиш ҳодиса гувоҳи бўлган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, фуқаролар А.А. ва У.Н.нинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш оқибатида юзага келганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бувайда тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар расмий манбаларда эълон қилинган ҳолатлар бўйича республика бўйлаб 9 киши ис газидан вафот этган. Хусусан, Наманганда қайнона, келин ва набира, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Хоразмда ижарада турган икки йигит, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан ҳалок бўлганди.