Қашқадарёда ташкил этилганига 3 кун бўлган фирма жами 2 601 000 000 сўмлик иссиқхоналар ўрнатиш бўйича танловда ноқонуний равишда ғолиб бўлгани аниқланди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳолат юзасидан иш қўзғатилиб, қайта танлов ўтказилишини маълум қилди.
Telegram каналларнинг бирида «Қашқадарёда 3 кунлик фирма жами 2 601 000 000 сўмлик иссиқхоналар ўрнатишни ютиб олди» сарлавҳаси остидаги хабар эълон қилинди. Унда айтилишича, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси томонидан etender.uzex.uz махсус электрон портали орқали Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш тўғрисидаги 3 ноябрда якунланадиган 12 та лотни 1 ноябрда давлат рўйхатидан ўтган NXS CTROY BAD METALL ютиб олган. Бундан ташқари, танлов протоколларидаги корхона томонидан иссиқхона қуриш бўйича бажарилган охирги ишларга шубҳали тарзда юқори баллар қўйилган.
NXS CTROY BAD METALL 2022 йил 1 ноябрда — савдолар тугашидан уч кун, комиссия томонидан кўриб чиқилишидан бир ҳафта олдин рўйхатга олинган. МЧЖ Турар-жой бинолари қурилишига ихтисослашган бўлиб, асосчиси Нилуфар Сунатилло қизи Туробова.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.
Такидланишича, ўрганишлар давомида буюртмачи томонидан савдоларнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш ва савдоларнинг бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш орқали қонун бузилишларига йўл қўйилганлик аломатлари аниқланган.
«Хусусан, „NXS CTROY BAD METAL“ MCHJ ва „TURNOVERPRICE“ МЧЖ томонидан керакли ҳужжатлар (иссиқхона қуриш бўйича иш тажрибаси, қурилишда ишлатиладиган материаллар рўйхати) тақдим қилинмаган бўлсада уларга асоссиз юқори баллар берилганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, буюртмачи томонидан ўтказилган танловларда харид комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлмаган ҳолда қонунчиликка зид равишда қарор қабул қилинган», — дейилган қўмита хабарида.
Юқоридагиларга асосан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил 10 ноябрда иш қўзғатилиб, «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилган деб топилган ва танлов савдоларининг қарорларини бекор қилиш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда қайта танлов ўтказиш бўйича кўрсатма берилган. Бугунги кунда қарорлар бекор қилинган ва қайта танлов ўтказилади.
Шу билан биргаликда, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилаётганлиги маълум қилинган.