«Ўзбекнефтгаз», «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» раисларига «ҳайфсан» берилди.
Бугун, 15 декабрь куни президент раислигида ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш масаласи ҳақида видеоселектор йиғилиши бўлмоқда.
Йиғилишда таъкидланишича, охирги олти йилда соҳада катта ўзгаришлар бўлгани. Жумладан, 5 минг мегаваттдан ортиқ янги электр қувватлари яратилгани (аввалги 25 йилда бор-йўғи 3,3 минг мегаватт қувватлар ишга тушган).
“Лекин бир ҳафта бўлган совуқда О.Раматов, М.Абдуллаев, Ф.Абдурахманов, Д.Исакулов, У.Мустафоев, Б.Норматов, Б.Эшмуродов, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари пастда ишламагани кўриниб қолди.
Улар қишга тайёргарликни барбод қилди, шунча қилаётган ислоҳотларимизни обрўсизлантирди.
Ваҳоланки, уларнинг тизимида 115 мингдан зиёд ходимлардан иборат катта армияси бор. Улар ҳам ойлик олади”, — деди президент.
Йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, «Ўзбекнефтгаз» раиси М.Абдуллаев, «Иссиқлик электр станциялари» раиси Ф.Абдурахманов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» раиси Д.Исакулов, «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси У.Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раиси Б.Норматов, «Ҳудудгазтаъминот» раиси Б.Эшмуродовга «ҳайфсан» берилди.
«Агар улар одамларни аниқ режа ва таҳлил билан огоҳлантирганида, адолатли ҳақиқатни айтганида, одамларимиз тўғри тушуниб, норози бўлмас эди«, — деди давлат раҳбари.