Совуқ кунларда электр энергиясидан оқилона ва тўғри фойдаланиш тизим самарадорлиги ва носозликлар олдини олишда муҳим аҳамиятга эга
Энергетика вазирлигининг совуқ кунларда газ ва электроэнергияга бўлган талабнинг ошиши, уларни етказиб беришда юзага келаётган муаммолар ҳамда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан мурожаати:
Табиий газ ва электр энергияси импорти ҳажмини тезкор кўрилган чоралар ва келишувлар асосида максимум даражага ошириш ҳисобига кунлик табиий газ истеъмолининг 10 фоизи ҳамда электр энергиясининг 8 фоизи айнан қўшимча импорт ёрдамида таъминланиб келмоқда.
Бироқ газ қувурлари ва магистрал электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлса-да, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.
Бугунги кунда республиканинг электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 млн кВт.соатга чиқди. Шунингдек, табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Истеъмолчиларнинг хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланишлари натижасида биргина Тошкент шаҳрида бугун кун давомида тармоқларда юкламаларнинг ортиши ҳисобига 1000 дан ортиқ носозлик юзага келди.
Носозликларни бартараф этиш ишларни жадаллаштириш мақсадида республика бўйлаб барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан қўшимча бригадалар Тошкентга жалб қилинди.