Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифи энг аввало, халқимиз фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтириш, шаҳар ва туманларнинг мавжуд ресурс ва имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали иқтисодиёт ҳамда инфратузилмани ривожлантириш, бир сўз билан айтганда инсон қадрини улуғлашда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз 2021 йил 18-19 февраль ҳамда 27 сентябрь кунлари Наманганга ташрифлари чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур топшириқлар асосида ишлаб чиқилган дастур ва режалар ижроси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида Наманган вилояти саноат, тадбиркорлик, таълим ва маданият соҳаларида ўз ўрнини топди. Бу мамлакатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида ҳам алоҳида эътироф этилди.
Таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган 2022 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 41,1 триллион сўмни ташкил этиб, 6,6 фоизга ўсиши таъминланди. Жумладан, 18,2 триллион сўм саноат ва 27,7 триллион сўм қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 14,7 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган. Пудрат ишлари 6,8 триллион сўм ҳамда чакана савдо айланмаси 19,7 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу мақсадли кўрсаткичларга эришишда 4 минг 108 та янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди. Вилоятда ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш мақсадида 53 минг 817 нафар аҳолига 2,3 триллион сўм ҳамда 8 минг 212 та тадбиркорлик субъектига 3,8 триллион сўм, жами 6,1 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Шундан, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 20 минг 174 кишига 470 миллиард сўм кредит йўналтирилгани туфайли 22 минг 132 та иш ўрни яратилди. Бу борада “Наманган тажрибаси” сифатида шаҳар ва туманларда ташкил этилган 72 та янги кичик саноат зонаси муҳим аҳамият касб этди. Бугунги кунга қадар ушбу саноат ҳудудларида умумий қиймати 4 триллион сўмлик 619 та лойиҳа фаолият бошлаб, 34 минг нафардан зиёд киши иш бўлди.
– Юртимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш, хусусий мулк эгаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳар жиҳатдан рағбатлантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар натижасида биз тадбиркорларни эмин-эркин ишлайдиган давримиз келди, – дейди косонсойлик ёш ишбилармон, «Barkas teks group” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби, ЎзЛиДеП фаоли Анвар Абдулхаев. – Тумандаги Ёшлик маҳалласида барпо қилинаётган “Намуна” кичик саноат зонасида 1 минг 800 дан зиёд иш ўрнига мўлжалланган, қиймати 62,6 миллиард сўмга тенг ип-калава ва момиқ сочиқлар ишлаб чиқариш корхонамизнинг биринчи навбати иш бошлади. Бу 600 та иш ўрни яратиш имконини берди. Буларнинг барчаси тадбиркорлар учун яратилган имкониятларнинг амалдаги самарасидир.
Дарҳақиқат, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга етарли шароитлар яратиш мақсадида Наманган вилоятида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар самара бера бошлади. Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида қиймати 6 триллион сўмлик 1 минг 276 та лойиҳа ишга туширилиб, 34 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат соҳасида 3 триллион сўмлик 480 та лойиҳа асосида 26 минг 300 киши, хизмат кўрсатиш соҳасида 2,3 триллион сўмлик 545 та лойиҳага кўра 6 минг 400 киши, қишлоқ хўжалигида 759 миллиард сўмлик 251 та лойиҳа доирасида 2 минг 300 кишининг бандлиги таъминланди.
Вилоятга хорижий инвестицияни жалб этиш доимий эътиборда. Ўтган 2022 йилда Хитой, Туркия, Буюк Британия, Германия ва Россия каби ўнлаб давлатлар билан ҳамкорлик қилиниб, 383,7 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари жалб қилинди. Аграр соҳадаги салмоқли ютуқлардан бири сифатида жаҳон бозорига наманганлик тадбиркорлар томонидан 491 миллион долларлик саноат ва 84 миллион долларлик мева-сабзавот, жами 575 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинганини эътироф этиш жоиз. Бунда вилоятдаги 465 та экспортёр корхоналарнинг фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. 51 давлатга шундан, илк бор Испания, Нидерландия, Канада ва Гонгконг давлатлари бозорларига 85 турдаги саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг яқин беш йилликка мўлжалланган дастурида Наманган вилоятида 400 мингта янги иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини камида икки бараварга ошириб, камбағалликни икки бараварга қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу маънода, 2022 йил 1 январь ҳолатига вилоятда 1 миллион 591 минг нафар меҳнатга лаёқатли фуқаро бўлиб, шундан ишсизлик даражаси 9,7 фоизга тўғри келган. Дастур ижроси доирасида олиб борилган амалий ишлар натижасида йил якуни билан 624 минг 350 кишининг бандлиги таъминланди. Президентимиз ташаббуси билан экин ер майдонларидан ишсиз, меҳнат мигрантлари ва махсус ижтимоий дафтарларга киритилган эҳтиёжманд фуқароларга ижара асосида 7 минг 770 гектар ер майдонлари ажратилгани ҳам 58 минг 638 кишининг бандлигини таъминлади. Дастур ижросини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятда ишсизлик даражаси 9,7 фоиздан 8,6 фоизга камайтирилди.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яшаш фаровонлигини ошириш масаласи ҳам доимий назоратда. Инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг муаммоларини тизимли ҳал этишга қаратилган махсус дафтарларга 94,6 миллиард сўм йўналтирилгани бунга яққол мисолдир. “Темир дафтар” га киритилган 4 минг 812 оилага “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 36,1 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Ишсиз 4 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди. Натижада 4 минг 374 оила “Темир дафтар” дан чиқарилди. Вилоятда “Аёллар дафтари” нинг учинчи босқичига ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд 53 минг 571 нафар хотин-қиз киритилиб, уларнинг барчасига турли ёрдамлар кўрсатилди, муаммолари ҳал этилди. “Ёшлар дафтари” га ижтимоий-иқтисодий ёрдамга муҳтож бўлган 19 минг 679 ўғил-қиз киритилиб, уларга 23,8 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди ва 18 минг 414 нафари дафтардан чиқарилди. Маҳаллаларда 1 минг 312 та лойиҳа амалга оширилди. 1 триллион 400 миллиард сўм йўналтирилиб 1 минг 163 та объект фойдаланишга топширилди. Ичимлик сув тизимларини яхшилаш мақсадида 214,2 миллиард сўм маблағ ҳисобига 897,4 километр тармоқ ва 44 та иншоотда қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилган. Вилоят аҳолисининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 77,1 фоизга етди.
Давлатимиз раҳбари Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманидаги Бунёдкор маҳалласи билан фавқулодда танишуви чоғида бир қатор топшириқларберилган эди. Мазкур йўналишда 126 миллиард сўм эвазига “Ёшлик” сув иншооти қуриб фойдаланишга топширилди. Бу билан нафақат бунёдкорликлар балки, Янги Наманган, Янгиқўрғон ва Косонсой туманларидаги 24 та маҳаллада яшовчи 43 мингдан зиёд аҳоли оби-ҳаётдан баҳраманд бўлди.
– Вилоятда 2022 йилда барча манбалар ҳисобидан 197,4 миллиард сўм маблағ эвазига оғир ҳудудларда 882,6 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, 43 та иншоотда қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди, – дейди “Наманган сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раиси Илҳомжон Шеранов. – Пировардида 57 та маҳаллада яшовчи 120 мингга яқин аҳоли хонадонларига илк бор ичимлик сув кириб борди, 110 мингдан зиёд истеъмолчиларнинг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. “Наманган тажрибаси” асосида ҳолати оғир, деб топилган 26 та маҳаллада маҳаллий бюджет ҳисобидан 84 та объектга 41 миллиард сўм йўналтирилиб, 230 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, 15 та қудуқ таъмирланди, 32,5 километр ички йўлларга бетон қоплама ва 134 километр қаттиқ қопламали шағал ётқизилди, 36 километр электр тармоғи тортилиб, 13 та трансформатор ўрнатилди. Тўрақўрғон тумани мисолида оладиган бўлсак, Хўжанд ва Ахси маҳаллаларида яшовчи 7 минг нафардан зиёд аҳоли сўнги 20 йил деганда илк бор тоза сув билан таъминланди.
Вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 28 та маҳалланинг архитектура қиёфаси янгиланиши ҳамда ободонлаштирилиши туфайли 105 минг аҳолининг турмуш шароити янада яхшиланди. Бунинг учун давлат бюджетидан 317 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Президентимизнинг вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишида берилган топшириғига асосан Давлатобод туманидаги 350 та кўп қаватли уйларнинг марказлашган иссиқлик тизими қурилди ва реконструкция қилинди. Бу ишларни амалга ошириш учун “Тикланиш ва тараққиёт” жамғармасидан 15 миллион доллар ҳамда бюджет ҳисобидан 149 миллиард сўм ажратилди.
Вилоятда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бугунги кунда энг долзарб масалалардан биридир. Шу нуқтаи назардан, 2022 йилнинг ўзида 3219 хонадонли 76 та кўп қаватли уй-жой қуриб, зарурий инфратузилма билан таъминланди. Қайд этиш керакки, Республикада илк маротаба “Наманган тажрибаси” сифатида Янги Наманган туманидаги Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласида иккита беш қаватли 120 хонадонга мўлжалланган муниципал уйлар ҳомийлик маблағлари асосида барпо этилиб, эҳтиёжманд, ёлғиз ва кўмакка муҳтож аёлларга берилди. Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим кўрсатмаларидан бири, вилоятда олий таълим қамровини ошириш, олий ўқув муассасаларини кўпайтириш борасида муайян натижага эришилди. Олийгоҳлар сони 3 тадан 10 тага етказилди. Олий таълимга қамров даражаси 27,4 фоизга етиб, 2018 йилга нисбатан 18,2 фоизга ортди.
Туризм соҳасида ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш, сайёҳлар оқимини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. 2021 йилда вилоятга 1,7 миллион турист ташриф буюрган бўлиб, улардан 24 минг 400дан ортиғи хорижликлар ҳиссасига тўғи келди. Туризм хизматлари экспорти эса 7,6 миллион долларни ташкил этди. 2022 йилда вилоятда учта меҳмонхона, 158 та оилавий меҳмон уйи, учта хостел, туристик синфга мансуб олтита автобус, 5 та туроператор ташкил қилинди. Бу ўз самарасини бериб хорижий давлатлардан 75 мингдан ортиқ сайёҳлар келди. Гуллар диёрида анъанавий равишда нишонланадиган Халқаро гуллар фестивалини бевосита 2 миллион 300 минг сайёҳ кузатди.
Глобал иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги ер майдонларида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш муҳим масала ҳисобланади. Ўтган 2022 йил 21 минг 166 гектар ер майдонида сувни тежайдиган технологиялар қўлланилди, бунинг ҳисобига 63,1 миллион метр куб сув иқтисод қилинди, 14 минг 100 гектардан ортиқ майдонларнинг сув таъминоти яхшиланди. Бундан ташқари, вилоятда мактабгача таълим, халқ таълими, спорт, фан, соғлиқни сақлаш сингари барча ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижроси тўлақонли таъминланмоқда.
Наманган вилоятида 2023 йилда умумий қиймати 15 триллион сўмлик лойиҳалар асосида 31,3 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастурига кўра, умумий қиймати 1,1 миллиард долларга тенг бўлган 1048 та лойиҳа амалга ошириш кўзда тутилган. Азми қатъий, шижоатли наманганликлар ушбу мақсадлар рўёби йўлида дадил қадам ташламоқда.