Мана бир неча йилдирки мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида юртимиз аҳли катта-катта ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқда. Халқимизнинг яшаш шароити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи кундан-кунга яхшиланиб, уларнинг эркин меҳнат қилишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда вилоятимизда таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида олиб борилган ислоҳотлар натижасида аҳолининг яшаш шарт-шароитлари яхшиланиб, реал даромадлари ошди, шаҳар ва қишлоқларнинг инфратузилмалари яхшиланди. Тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳитга эга бўлган технопарк ва кичик саноат зоналари сонини йилдан-йилга ортиб бориши аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга, вилоятимизда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини кенгайтирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг бу галги вилоятимизга қилган ташрифи ҳам барча наманганликларни янада қувонтирди. Юртбошимиз вилоятимиздаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, вилоятимизни тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш мазказига айланини таъкидлади.
Албатта, давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлар, яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда Наманган аҳлининг ишбилармонлиги ва меҳнатсеварлиги кун сайин орамизда тадбиркорлар сонини ошириб бормоқда. Бугун Наманган вилояти саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича республикамизнинг энг илғор вилоятларидан бирига айланди. “Сўнгги беш йилда Наманган вилоятида корхоналар сони 15 мингтага кўпайиб, 32 мингтадан ошди. Шу даврда хусусий бизнес ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳажми 1,6 баравар ўсиб, 8,3 триллион сўмга етди. Бу – республика бўйича энг юқори суръатлар” деяюртбошимиз ҳам вилоятимизда бу соҳада эришилган ютуқларни юқори баҳолади.Натижада “олти йил аввал дотацияда бўлган вилоят бугунги кунда мустаҳкам даромадга эга бўлди, замонавий саноат ва кучли тадбиркорлар шаклланди. Оддий қилиб айтганда, Наманган ҳеч муболағасиз тадбиркорлар юрти, кичик ва ўрта бизнес марказига айланди”.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашув чоғида, совуқдан қийинчилик кўрган тадбиркорларимизга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловларни енгиллаштиришни таъкидлаб ўтдилар. Бу борада кичик ва ўрта тадбиркорларнинг муддати келадиган кредит тўловларини 1 июнга қадар узайтирилиши, солиқ қарзини фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва пенясиз 1 июлга қадар бўлиб-бўлиб тўланиши, қуввати пасайган саноат корхоналарига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун қўшимча кредит ажратилиши тадбиркорлар томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Бу имтиёз тадбиркорларимизни руҳлантириш билан бирга, уларнинг ғайратига янада ғайрат қўшади десак айни хақиқатни айтган бўламиз.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари вилоятимизда асаларичилик, заргарлик, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар бериш билан бир қаторда, бу ишларни амалга ошириш учун аҳолимизга бериладиган имтиёзли кредитларни 2 баробарга оширишни ва аҳолига деҳқончилик учун 9,5 минг гектар ер майдонлари тарқатилишини ҳам айтиб ўтдилар. Булар, шубҳасиз вилоятимиз аҳлининг бандлигини ва реал даромадини янада оширишга яна бир имконият бўлди.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишар экан, мингга яқин ишчи-ходимларни ўз бағрига олган замонавий корхоналарда ишчи-ходимларга яхши кайфият бахш этадиган, мотивация уйғотадиган, руҳиятини кўтарадиган мумтоз куй-қўшиқларни эшиттириш тизимини йўлга қўйиш орқали иш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ўринли таклифни илгари сурдилар.
Биз ҳам юртбошимизнинг бу ташаббусларини институтимизда жорий этишни режалаштирдик. Дарсдан ташқари вақтларда миллий мумтоз қўшиқларимизни эшиттирадиган бўлсак, бўлажак мутахассисларнинг маънавий оламини бойишига юртимизга бўлган муҳаббати ошишига ҳамда ўзига бўлган ишончини уйғотишга катта замин яратади.
Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ташаббус ва таклифлари вилоят аҳлига ғурур ва ифтихор бағишлаш билан бирга, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини яна бир карра оширди. Юртбошимизнинг вилоятимизга қаратган эътиборлари аҳолининг фаровонлигини таъминлашга, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод бўлишига, вилоятимизнинг иқтисодий салоҳиятини ортишига хизмат қилиши шаък-шубҳасиз.
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати