1
1
Соғу саломат юрган инсон бахтиёр ҳаёт кечиради. Касалликка чалинган кишининг умри эса муаммолар гирдобида ўтади. Вақтида шифокор қабулида бўлиб, тегишли тавсиялар асосида даволаниб юрганлар эса узоқ яшайдилар.Шу боис ҳам мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш қаратилган саъй-ҳаракатлар доираси тобора кенгайиб бормоқда. Соҳада кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга эришилмоқда. Хусусан, юртдошларимиз соғлиғини мустаҳкамлашнинг янгидан-янги имкониятлари фаолиятга татбиқ этилмоқда. Эндиликда соғлиғида муаммоси бор кишилар шаҳарлардаги тиббиёт масканларига эмас, балки тажрибали тиббиёт ходимларининг ўзлари беморлар ҳузурига ошиқишмоқда.
Олис туманларда яшовчи инсонларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини яратиш масадида ташкилланаётган турли тиббий тадбирлар шулар жумласидандир. Кечадан вилоятимизда яна бир муҳим тиббий жараён бошланди. Ҳудудларда касалликка чалинган аҳоли вакиллари билан учрашувлар ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари вакиллари иштирокидаги тиббий кўриклар ўтказишга киришилди. Бугун шифокор ва мутахассислар гуруҳи Поп туманига йўл олди.
Эрталабданоқ туман маданият маркази аҳоли вакиллари билан гавжумлашди. Бу ерда республика, вилоят ва туман тиббиёт муассасалари вакиллари попликларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатдилар. Маданият маскани залида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маслаҳатчиси Санжарбек Турсунов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовлар томонидан сайёр қабул ўтказилди. Ўнлаб кишилар саломатликларини тиклаш, шифохоналарда ётиб даволаниш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ўз навбатида кўрсатилган малакали тиббий хизмат учун шифокорларга миннатдорчилик изҳор қилувчилар ҳам оз эмасди.