Саломатлик акцияси 1 июлдан 1 августгача олиб борилади.
Ёз — таълим муассасалари учун таътил мавсуми. Йил давомида соҳада меҳнат қилган ўқитувчи ва мураббийлар бу даврда ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлишади. Шуни ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги ташаббус билан чиқди. Унга кўра, жорий йил 1 июлдан 1 августгача республика бўйлаб «Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги» акцияси ўтказилади.
Бу даврда мамлакатдаги таълим соҳаси ходимлари — мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилади.
Айни дамда 10 118 тa умумтаълим мактабида 6,3 млн нафардан зиёд ўқувчига қарийб 510 минг нафар ўқитувчи таълим беради.
Шунингдек, 29 420 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда 2,1 млн нафар бола тарбияланади.
ССВ матбуот хизмати хабар беришича, акция давомида тиббий текширув натижаларига мувофиқ, аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида уларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.
Бунинг учун дастлаб таълим соҳаси ходимлари орасидан тиббий хизматга эҳтиёжи бор контингент рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади.
Шундан сўнг улар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади.
Тиббий кўриклар якунида:
- ҳаётида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади;
- ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади;
- юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.
Ўз навбатида, олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда сайёр тиббий бригадалар томонидан кўриклар ўтказилади.
Манбаа: Kun.uz