Қозоғистон Ўзбекистон ва Қирғизистон билан Сирдарё ҳавзасининг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувни ўзгартирмоқчи. Қозоғистон томони Ўзбекистондан келаётган ифлослантирувчи моддалар туфайли дарёнинг экологик ҳолати бузилганини билдирди.
Қозоғистон 2023 йил охиригача Ўзбекистон ва Қирғизистон билан Сирдарё ҳавзасидаги сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувга ўзгартиришлар киритмоқчи. Бу Қозоғистоннинг 2023−2029 йилларга мўлжалланган Сув ресурсларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режасида кўзда тутилган.
1998 йил март ойида Бишкекда қабул қилинган ҳужжатга кўра , Норин-Сирдарё ГЭС каскадида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергияси Ўзбекистон ва Қозоғистонга узатилади. Бунинг учун Қирғизистон эквивалент миқдорда энергия ресурслари (кўмир, газ, мазут, электр энергияси), шунингдек, бошқа маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ёки суғориш эҳтиёжлари учун сув омборларида зарур йиллик ва кўп йиллик сув захираларини яратиш учун келишилган ҳолда пул кўринишидаги компенсацияни олади.
Сув омборларининг ишлаш тартиби, электр энергияси ҳажми ва энергия таъминоти сув хўжалиги ва ёнилғи-энергетика ташкилотлари вакилларининг қарорлари асосида ҳар йили ҳукуматлараро битимлар билан тасдиқланади.
Бундан ташқари, декабрь ойигача Қозоғистон Ўзбекистон ҳукумати билан трансчегаравий сув ҳавзаларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича келишув имзолашни режалаштирмоқда.
Концепцияда 2029 йилгача иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича мавжуд вазият сақланиб қолган ҳолда сув танқислиги туфайли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларининг пасайиш хавфи мавжудлиги қайд этилган.
Сувдан самарасиз фойдаланиш ва трансчегаравий қарамликдан ташқари, Сирдарёнинг экологик ҳолати бузилган. Сирдарёнинг транзит оқими билан Ўзбекистон ҳудудидан кўп миқдорда нефть маҳсулотлари, феноллар ва азотли бирикмалар каби ифлослантирувчи моддалар келади, дейилади ҳужжатда.
Шу муносабат билан Қозоғистон Сирдарё тубини тозалаш ва дарё дельтасини тиклашни режалаштирмоқда.
Бугунги кунда Қозоғистон пойтахти Остона бир манба ҳисобига — 1969 йилда қурилган ва 500 минг кишига мўлжалланган Остона сув омбори суви билан таъминланади. Ҳозирда шаҳар аҳолиси 1,3 миллион кишига етган. Шунинг учун Остона учун ичимлик суви захирасини яратиш режалаштирилган.
Иқлимий прогнозларга кўра, Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган босим даражаси 2,8 баробар ортади. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев июнь ойи бошида Сирдарё ва Амударёдаги сув сатҳи 2050 йилга бориб қарийб 15 фоизга камайишини айтганди. У минтақада экологик ҳалокатнинг олдини олиш мақсадида Оролни қутқариш халқаро жамғармасини қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ маблағ ажратишга чақирган.