Сўроқ иши қирғизистонлик собиқ депутат Чамғирчиев борасида бўлган. Депутат чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, «Салимбой»дан ёрдам сўраган.
Ўзбекистонда Қирғизистон Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш давлат хизмати раисининг собиқ ўринбосари, депутат Эмил Жамғирчиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев бугун, 10 январь куни Жогорку Кенеш йиғилишида маълум қилди.
Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон Миллий хавфсизлик ходимлари Ўзбекистонга келиб, Салим Абдувалиевни сўроқ қилишган. Терговда Салим Абдувалиев депутат Жамғирчиев у билан яширинча учрашиш учун қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтганини маълум қилган.
«Эмил Чамғирчиев «Салимбойдан» Қирғизистон расмийлари ўртасида низолар кўпайгани, улар ўртасида тартиб ўрнатишда ёрдам сўраганини тасдиқлади. Аммо, «Салимбой» Қирғизистондаги ишларга аралаша олмаслигини айтган. Бизнинг депутат Салимбойдан ёрдам сўрабгина ортига қайтмасдан, унинг ёрдамчисини ҳам алдаган. Бир неча кун меҳмонхонада тунаб, пулини тўламай қочиб кетган. Шу сабабли Ўзбекистонда Жамғирчиевга нисбатан «Фирибгарлик» ва «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» моддалари билан жиноят иши қўзғатилган», — деди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Маълумот учун, Эмил Жамғирчиев Қирғизистонда жиноий иш юзасидан масалани ижобий ҳал этиш учун тадбиркордан пора олганликда айбланиб, қўлга олинган. 2023 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга қидирувга берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 5 декабрь куни «Салимбой» номи билан танилган Салим Абдувалиевнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда ЖКнинг 248-моддаси 1-қисми билан (ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган.