Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада адвокатура институти, унинг фаолияти нафақат юридик ёрдам кўрсатиш масаласида, балки одил судловни амалга оширишда ҳам жуда муҳим ҳисобланади.
БМТ Конгрессида қабул қилинган “Юристлар ролига оид асосий принциплар”да адвокатура институтини такомиллаштириш демократик, ҳуқуқий тараққиётнинг бирламчи шарти эканлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил
20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга “… кучли адвокатура тизимини яратиш асосий вазифамиздир”, деб таъкидлаган эди.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида қонун устуворлигини таъминлашда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар қаторида адвокатура институтини ўзини-ўзи бошқарадиган тизимга айлантириш, унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларига мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш ва адвокатлар сонини
2000 нафарга кўпайтириш белгилаб берилган.
Малакали юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжни адвокатура институтини ҳар томонлама ривожлантирмасдан туриб амалга ошириб бўлмаслиги эътироф этилиб, янги таҳрирдаги Конституциямизга адвокатурага оид алоҳида янги боб киритилди. Ушбу бобдаги 141-моддада “Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади”, мазмунида ифодаланган янги норма мустаҳкамланди. Бу билан барчага тенг малакали юридик ёрдам кафолатланмоқда. Бинобарин, малакали юридик ёрдам тегишли малакага эга бўлган ва лицензияга эга адвокатлар томонидан амалга оширилади.
Ушбу ислоҳотларнинг давоми ўлароқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан жорий йилнинг 27 февраль куни “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги 915-сонли Қонун қабул қилинди. Ушбу қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси ҳам аризачига нисбатан юридик ёрдам кўрсатилишига оид нормалар билан тўлдирилди.
Мазкур нормаларда суд аризачининг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт эканлиги, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат жалб этиладиган пайтга қадар суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдириши ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак эканлиги белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунининг 9-моддасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларнинг рўйхати келтирилган бўлиб, унда маъмурий ишлар бўйича кам таъминланган аризачилар мазкур ҳуқуққа эга эканлиги кўрсатилган.
Мазкур қонунчиликдаги янгиликнинг долзарблиги шундаки, эндиликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларидан бири бўлган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашнинг процессуал ҳуқуқий асослари қонунчиликка киритилди. Зеро, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 — моддасида инсоннинг шахсий ҳуқуқларидан бири сифатида белгиланган ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши белгиланган.
Шу ўринда, ислоҳотларнинг давоми сифатида мазкур ҳуқуқ маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларидан бири бўлган учинчи шахсларга ҳам татбиқ қилиниши қонунчиликда белгиланса мақсад мувофиқ бўлар эди.
Чунки, процессуал қонунчиликка кўра учинчи шахслар икки турга: мустақил талаблар билан арз қилувчи ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учунчи шахсларга бўлинади. Низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар аризачи ёки жавобгар томонидан ишга киришади, жавобгар томонидан ишга киришган ҳолларда аризачининг ҳақ-ҳуқуқларидан фойдалана олмайдилар. Учинчи шахслар бу — кўрилаётган маъмурий иш уларнинг ҳуқуқлари ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахслар эканлигини инобатга олган ҳолда уларга ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқининг назарда тутилиши ўринли бўлар эди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунининг 9-моддасида фуқаролик ишлари бўйича кам таъминланган даъвогар ва жавобгарлар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлигининг белгиланганлиги жуда ҳам аҳамиятли.
Ушбу ислоҳотлар адвокатуранинг жамиятдаги нуфузини оширишга, одил судловга эришишда тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлиги принципини мустаҳкамлашга, суд ва тергов жараёнида адвокатлар ваколатларининг тўлақонли амалга оширилишига, пировардида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг янада кучайтирилишига хизмат қилади.
Умида Нишонова,
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси