Октябрь ойидан бошлаб «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси истеъмолчиларга чиқиндиларни йиғиш бўйича қарздорлик ортидан электр учун тўловларни чеклаш тўғрисида огоҳлантирувчи SMS хабарларни жўнатишни бошлади. ҲЭТ хабарига кўра, билдиришномалар юборилаётган бўлса ҳам тўлов имконияти чекланмаган.
«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик туфайли электр энергияси учун тўловни чеклай бошлагани ҳақидаги хабарларга жавоб қайтарди.
Президент қарори билан 2024 йил 1 июндан Ўзбекистонда чиқинди йиғиш учун қарздорлик мавжуд бўлганда электр энергияси учун тўловларни чеклаш режалаштирилганди. Аввалига бу тартиб Тошкент шаҳрида, 1 ноябрдан Нукус ва вилоят марказларида, 2025 йилдан эса бутун республика бўйлаб жорий этилиши маълум бўлди.
Ҳужжатда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун ойлик тўловлар бўйича қарзи бор абонентларни SMS орқали хабардор қилиш ҳам назарда тутилган.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида октябрь ойидан «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси томонидан 2100 қисқа рақами орқали билдиришномалар жўнатиш бошланди.
«Айни пайтда „Ҳудудий электр тармоқлари“ АЖ томонидан чиқинди бўйича огоҳлантириш хабари юборилгандан сўнг, қарздорликни бартараф этмаган истеъмолчиларга электр энергияси учун тўловларда чекловлар киритиш бўйича ҳам техник ишлар олиб борилаётганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.
Чиқинди қарздорлиги учун юборилган хабарномалар бўйича истеъмолчилардан келиб чиқаётган шикоятлар бўйича чиқинди йиғиш ва ташиш хизматларига мурожаат қилишларини сўраймиз. «Ҳудудий электр тармоқлари «АЖ бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги тақдим этган маълумотлар асосида хабар юбораётганлигини маълум қилади, дея қўшимча қилди ташкилот.
Корхонанинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, компания хабарномалар жўнатмоқда, бироқ электр энергияси учун тўлов имкониятини чекламаган. Сабаби, бунда электр энергияси ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга, шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» ва истеъмолчилар ўртасидаги шартномалар шартларига ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.
2020 йил декабрь ойида дебиторлик қарзини камайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида чиқинди йиғиш тўловлари истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси тарифига киритилиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бироқ, бу тартиб амалга оширилмади.
Январь ойи бошида Тошкент шаҳридаги аҳоли ва ташкилотлар учун чиқинди тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати нархи 1,5−1,6 бараварга ошди — уйда яшовчи ҳар бир киши учун ойига 4500 сўмдан 7500 сўмга, бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар учун 53 986 сўмдан 89 966 сўмгача.
Манба gazeta.uz