Самарқанд вилоятида мактаб ўқувчисини ўғирлаш ва зўрлашда гумонланувчилар 9 нафар бўлиб, уларнинг орасида прокуратура ходими ҳам бор. Уларнинг 8 нафари қўлга олинган, деб хабар қилди Бош прокуратура.

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 8-синф ўқувчисини ўғирлаш ва зўрлаш жинояти бўйича 9 нафар гумонланувчи аниқланган, уларнинг 8 нафари ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

13 ноябрь куни зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси ушбу даҳшатли воқеа ҳақида хабар берганди. Қиз 23 сентябрь куни ўғирлаб кетилган. Унинг йўқолиши муносабати билан яқинлари ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган. Мактаб ўқувчисини фақат 6 октябрь куни топишга муваффақ бўлинган, унинг танасида зўравонлик излари мавжуд бўлган.

Қизнинг айтишича, уни калтаклашган, спиртли ичимликлар ва тақиқланган моддаларни истеъмол қилишга мажбурлашган, зўрлаб ушлаб туришган ва жинсий зўравонликка дучор қилишган. Хабар эълон қилинган пайтда жиноятнинг барча гумонланувчи иштирокчилари, шу жумладан, прокуратуранинг бир ходими ҳам эркинликда юрган, деб хабар берди Nemolchi.uz. Лойиҳанинг таъкидлашича, қизни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш мажбуриятига эга бўлган барча идоралар ўз вазифаларига нопрофессионал ёндашган ва кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйган.

Ҳаёт Шамсутдинов 6 октябрь куни ариза олингандан сўнг бошланган дастлабки тергов давомида Қўшработ туман прокуратураси иш юритувчисининг ишга алоқадорлиги аниқланганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур ходим 30 октябрь куни вилоят прокурорининг буйруғи билан прокуратура органларидан бўшатилган.

Дастлабки тергов, суд-тиббий ва биологик экспертиза натижаларига кўра, 31 октябрь куни Иштихон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 119-моддаси 3-қисми (Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шундан сўнг иш ички ишлар органларига юборилган.

Тергов ва тезкор қидирув ҳаракатлари давомида 9 нафар гумонланувчи аниқланиб, улар терговга жалб этилган. Саккиз нафар шахс, шу жумладан, собиқ прокуратура ходими қонуний тартибда ушланган. Яна бир шахсни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.

Жиноят иши бўйича тергов устидан Бош прокуратура назорат ўрнатган.

Gazeta.uz

от Admin