Шайхонтоҳур туманида тунда Gentra ҳайдовчиси жанжал сабаб бир гуруҳ одамларни босиб кетмоқчи бўлган. Тармоқларда тарқалган видеоларда машина ойнаси тош билан тешилганини кўриш мумкин. Пойтахт ЙҲХБ ҳолат бўйича барча фуқаролар ИИБга топширилганини билдирди.
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 7 февраль, жумага ўтар кечаси Жиззах вилоятида рўйхатдан ўтган Gentra ҳайдовчиси (рақами 25 А 888 МА) жанжал пайтида бир гуруҳ одамларни босиб кетмоқчи бўлди.
![](https://jurnalist24.uz/wp-content/uploads/2025/02/img_4331-1-226x300.jpg)
Пойтахт ЙҲХБ хабарига кўра, ҳолат туманнинг Тахтапул кўчасида тахминан соат 03:20 да содир бўлган. Видеода қасддан уриб юборишга уринишдан сўнг икки киши автомобилнинг олд ойнасига тош отиб, уни синдиргани кўриш мумкин.
Бошқарма барча фуқаролар туман ички ишлар бўлимига топширилгани (уларнинг сони айтилмаган), ҳолат бойича автомашина жарима майдонига жойлаштирилганини маълум қилди.
Ҳозирда туман ИИО томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилинади, дейилади хабарда.