АОКАда ўтказилган брифингда жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори, профессор Ойбек Аманов ғалла парваришида кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалар юзасидан маълумот берди.
Жорий йилда республикада куз-қиш ойлари иқлимий меъёрдан бироз паст ва ёғинларнинг кам бўлиши кузги бошоқли дон экинларини тиним давридан чиқиб, ўсиши ва ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатди.
Республикамиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, январ ойида об-ҳавонинг илиқ бўлиши кузатиладиган бўлса, озиқлантирилмаган ва суғорилмаган, тупроқда намлик етарли бўлмаган ғалла майдонларидаги майсаларда азот ва намлик етишмаслиги оқибатида майсалар сарғайиб, барг ва пояларнинг ўсиши секинлашиб, туплаш коэффициентининг камайишига олиб келмоқда.
Феврал ойида кузги буғдой етиштиришда ривожланишига қараб, ҳар бир навни энг мақбул муддат ва меъёрларда озиқлантириш ҳамда суғоришга бўлган талаби тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Деҳқонларимиз тили билан айтганда, деҳқончиликда “Йил йилга ўхшамайди” деган иборанинг нақадар бугунги кун учун муҳим агротехник тадбирларни ўзгартиришни тақозо этмоқда.
2025 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини парваришлашда бугунги кунда бир хил агротехник тадбир қўллаб бўлмаслигини тушуниб турибмиз.
2024 йилнинг октябр ва ноябр ойлари илиқ ҳамда серёғин келганлиги кузги бошоқли дон экинларининг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Бунинг натижасида эрта яъни, сентябр ва октябр ойларида мақбул муддатда экилган, ҳатто суғорилмаган кузги бошоқли дон экинлари уруғлари ҳам ёғингарчилик ҳисобига тўлиқ униб чиқиб, 5-7 тагача тўлиқ туплаш, ноябр ойининг 1-чи ярмида экилган майдонларда эса майсалар 3-4 барг ва туплаш даврига ўтиб, қишловга кирди. Афсуски, кечки муддатда экилган майдонларда кузги буғдой 1-2-барг ҳолатида қишламоқда. Бу йилги узоқ муддатли совуқ ва қировли кунларнинг давомийлиги натижасида ғалла майдонларининг ривожланишига таъсири кенг майдонларда кузатилмоқда.
Кузги буғдой ҳаво ва тупроқ намлигига талабчан экин ҳисобланади. Буғдойнинг қишга чидамлиги юқори бўлиши учун ўсимлик дастлабки совуқ тушгунга қадар ривожланишнинг тупланиш босқичида бўлиши талаб этилади.
Кузги ёғингарчилик ўсимликнинг қишга чидамлигини ошириш билан бирга, илдиз тизимини юқори бўлишини таъминлайди. Баҳорги намлик миқдори эса асосан вегетатив органлар ўсишини кучайтиради ва янги ўсув органлари шаклланишига замин яратади.
Бундай об-ҳавога ёғингарчиликни кам бўлиши, қуруқ ва илиқ бўлиши ғалла майдонларидаги тупроқни 20-25 см қатламида намлик етишмаслиги ҳолатларини юзага келтиради.
Бугунги кундаги об-ҳавони кундуз кунлари об-ҳаво ҳарорати 8-10 даража илиқ, тунда эса ҳаво ҳароратини 0 ва -1,-5 даража совуқ бўлишига қарамай ниҳолларни тиним даврига тўла ўтмай ҳарорат кўтариши билан ўсиш ва ривожланиши давом этиши ғалла ниҳолларни кўп энергия сарф қилиши оқибатида озуқа моддалар етишмаётганлиги кузатилмоқда.
Бундай об-ҳаво шароити Республиканинг жанубий Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда ўрта минтақаларда ҳам бир хилда кузатилмоқда.
Олинган башоратларга кўра, февраль ойларида ҳам илиқ об-ҳаво бўлиши экилган ғаллаларни азотли ўғитлар билан озиқлантириш, суғоришни тақазо этмоқда.
Феврал ойида берилган ўғит ва сув ўсимликнинг илдиз системасини ривожланишини кучайтириб, туплаш бўғинини катталашишига ҳамда туплаш бўғинида шакар моддаларини кўпайишига сабаб бўлади. Бу шароитда ғалла ўсимлиги ўсиш ўрнига вегетатив органларини, яъни туплаш бўғинини катталаштиради ва эрта баҳорда йирик поялар, найчаларларда эса йирик бошоқлар ҳосил бўлишини таъминлайди.
Шунинг учун республикамизда кузатилаётган феврал ойида кутилаётган об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда кечки, ривожланишдан орқада қолган ғалла майдонларида азотли ўғитлардан Аммоний сульфат ўғити билан озиқлантириш ҳамда суғориш ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бугунги кунда ғалла майдонларини ниҳолларни ўсиш ривожланишига қараб 3 та гурухга ажратиб, қуйидаги агротехник чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:
1. Гуруҳ — ғалла ниҳоллари ривождан орқада қолган 1-2 ва 3-4 баргли ғалла: бу майдонларга гектарига 100-150 кг меъёрда Аммоний сульфат минерал ўғитлар билан озиқлантиришни ҳамда шарбат усулида енгил суғориш ишларини амалга ошириш.
2. Гуруҳ — ғалла ниҳоллари тўлиқ туплашга кирмаган: ғалла майдонларга гектарига 150-200 кг меъёрда Аммоний сульфат ёки 100-150 кг Аммиакли селитра минерал ўғитлари билан озиқлантириш ва шарбат усулида суғориш.
3. Гуруҳ — ғалла ниҳоллари тўла туплаган майдонлар: тўлиқ туплаган майдонларда Аммиакли селитра ёки Карбамид ўғитидан гектарига 150-200 кг дан ўғитлаш ва шарбат усулида суғориш.
Республикамизнинг Фарғона водийси ҳамда марказий вилоятларда баҳорги азотли ўғитлар билан озиқлантириш муддати 15-20 февралга қадар якунлаш. Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 30 январдан бошлаб 15 февралга қадар, Қорақалпоғистон Республикаси Хоразм вилоятларида эса 20 февралдан бошлаб 1 мартга қадар якунлаш яхши самара беради.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, бугунги кунда қуйидаги амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар тўғрисида илмий тавсиялар
Биринчидан, ҳудудларда фосфор берилмай экилган майдонларга таркибида фосфорли элементларга бой бўлган биостумляторлар билан ишлов бериш графигини ишлаб чиқиш. Бу йилги шароитдан келиб чиқиб, камида 5-7 марта биостумляторлар билан ишлов ўтказиш.
Иккинчидан, 1-озиқлантириш учун талаб этиладиган азотли ўғитлар захирасини яратиш. Минтақалар шароитидан келиб чиқиб, ўғитлар бериш графигини ишлаб чиқиш.
Учинчидан, суғорилмаган ғалла майдонларига ўқ ариқлар олиш, ўқариқлар орасини 60-70 метрдан мажбуран қирқиш чораларини кўриш, ўғитланган майдонларни қисқа муддатда енгил шарбат усулида суғориш ишларини ташкил этиш.
Учинчидан, об-хавонинг 15 кунлик илиқ кунларидан фойдаланиб, ғўзапоядан тозалаш, дала чети ва ариқларни тозалашни ташкил этиш.
Тўртинчидан, кўллатиб суғорилган ва униб чиқмаган ғалла майдонларига қуруқ маҳаллий гўнг сепишни ташкил этиш.
Бешинчидан, ҳар бир даланинг сув кириш қулоғига 1 тадан ҳандак ўра қазиш ва гектарига 3 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш.
Олтинчидан, 10 кун муддатда мавсум давомида талаб этиладиган минерал ўғитлар, биостумляторлар ва кимёвий воситалар захирасини шакллантириш ва техникаларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш.
Еттинчидан, ҳудудларда каналлар бўйлаб ғаллани суғориш графигини ишлаб чиқиш ва график асосида параллел равишда каналларни тозалаш ва бетонлаштириш ишларини амалга ошириш.
Саккизинчидан, жойлардаги ҳолатларни ўрганиш бўйича тизим ташкилотларидан иборат ишчи гурух тузиш ва жойларга график асосида ўрганиб, ахбарот киритиш зарур. Ушбу тавсияларга амал қилиб агротехник тадбирларни кечиктирмасдан ўз вақтида амалга оширсак, ғалла ҳосили мўл бўлиши учун замин яратамиз.