“Рақамли суд” концепциясидаги навбатдаги қадам

Суд ҳокимиятида рақамли технологияларни жорий этиш – бу фақат техник ислоҳот эмас, балки адолат тизимини тубдан янгилашга қаратилган концептуал ёндашувдир. “Рақамли суд” концепцияси орқали суд жараёнларини электрон тарзда юритиш, видеоконференция орқали эшитувлар ўтказиш, электрон далиллар билан ишлаш каби имкониятлар яратиб келинмоқда. Натижада суд ишларининг шаффофлиги, тезкорлиги ва фуқаролар учун очиқлиги таъминланиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони бу борада амалга оширилаётган ишларнинг давоми сифатида намоён бўлди.
Мазкур Фармонда “Рақамли суд” концепциясини жорий этишнинг асосий механизмлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, жумладан, 2026 йилдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш, “my.sud.uz”интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш, фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқишбелгиланди.
Шунингдек, Фармонда санкциялар ва мажбурлов чоралари бўйича судларга киритиладиган илтимосномаларни электрон шаклда юритиш мақсадида Олий суд ахборот тизимлари билан тергов органларининг ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар билан боғлиқ ҳужжатларни
“E-ma’muriy ish” ахборот тизими орқали судларга тўлиқ электрон шаклда тақдим этиб бориш,“Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд маълумотларни судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш чораларини кўришназарда тутилган.
Наманган вилоят маъмурий судининг
судьялари А.Дадабаев ва О.Турдиев