Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи бўйича Қонунчиликда янгиликлар
Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Шунингдек, “Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.
Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.”
“Меҳнат жараёни билан боғлиқ барча жароҳатлар ва касалликларнинг асосий сабаби меҳнат муҳити ва меҳнат жараёнининг маълум омиллари томонидан ишлайдиган одамнинг танасига салбий таъсиридир.”
Шундай экан меҳнат муҳитининг ўзгариши ҳозирда хавфсиз ва бенуқсон деб баҳоланган айрим тоифадаги ишлар ва касбларнинг келгусида зарарли ва хавфли меҳнат турига айланиш эҳтимоли мавжуд.
Асосий Қонунимиздаги мазкур Конституциявий нормалардан келиб чиқиб меҳнат шароитлари оғир ва зарарли бўлган ишлар учун иш ҳақи ва пенсиялар тайинлашнинг, умуман олганда ижтимоий ҳимоя қилишнинг алоҳида тартиблари белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
1994 йил 12 май кунги 250-сонли “Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган бўлиб, унда мазкур турдаги ишлар, лавозимлар ва касбларнинг рўйхати ва имтиёзлар олишнинг тартиблари белгиланган эди.
Ўзбекистон Республикаси томонидан 2025 йилнинг 2 октябрь куни Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги, гигиенаси ва ишлаб чиқариш муҳити тўғрисида”ги 155-сонли Конвенцияси ратификация қилинди.
Конвенциянинг 4-модда 1-қисмида “ Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси миллий шароит ва амалиётга мувофиқ ва иш берувчилар ва ходимларнинг ваколатли ташкилотлари билан маслаҳатлашувдан сўнг меҳнат хавфсизлиги, меҳнат гигиенаси ва ишлаб чиқариш муҳити соҳасидаги келишилган миллий сиёсатни ишлаб чиқади, амалга оширади ва вақти-вақти билан қайта кўриб чиқади.
Мазкур қоидалар ҳамда умумэътироф этилган нормалардан келиб чиқиб имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини қатъий қилиб белгилаш мақсадга мувофиқ эмас деб топилди.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
1994 йил 12 май кунги 250-сонли қарорида айрим тушунмовчилик, такрорлашлар мавжудлиги сабабли ўз кучини йўқотган деб топилди ҳамда 2025 йил 10 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 607-сонли қарори билан “Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида ”ги Низом тасдиқланди.
Ушбу Низомда келтирилган касблар, лавозимлар ва кўрсатгичлар бирмунча соддалаштирилди, уларнинг аниқ чегаралари ва механизмлари белгиланди.
Хусусан, Низом имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжатларни тақдим этишда ягона талабларни белгилайди.
Эндиликда, зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларига эга бўлган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларни Рўйхатга киритиш зарурати ҳақидаги ходимларнинг таклифлари икки нусхада тайёрланиб, иш берувчи ҳамда корхона касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига юборилади. Иш берувчи томонидан меҳнат шароитларини ўрганиш комиссияси ташкил қилиниб, унинг таркиби иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланади. Комиссия таркибига иш берувчининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари, кадрлар бўлими бошлиғи ёки ходими, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг бошлиғи ва ходимлари, бош муҳандис (мавжуд бўлса), корхона касаба уюшмаси қўмитаси вакили ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи вакили киритилади.
Комиссия рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва иш берувчига тақдим қилиш учун текширув ўтказади. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиб, Комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва иш берувчига юборилади. Текширишда аниқланган хато ва камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, аттестациядан ўтказилиши керак бўлган ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхати тузилади ҳамда аттестациядан ўтказилади. Аттестация натижалари Комиссия томонидан корхонанинг касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан биргаликда аттестация ўтказган корхона вакиллари иштирокида муҳокама қилинади. Муҳокама натижаси бўйича баённома ва Рўйхатга киритилиши таклиф этилаётган меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишлаб чиқаришлар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхати тузилади.
Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ташкилотнинг таклифлари қабул қилинганда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бу юзасидан тегишли ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлайди ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, шунингдек, таклифларни тақдим қилган ташкилот билан белгиланган тартибда келишади.
Келишилган ҳукумат қарори лойиҳаси қонунчиликда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Қонунчиликдаги ушбу янгилик ижтимоий муносабатлар жадал ривожланаётган ва шунга мос равишда ишлаб чиқаришлар, касблар ва лавозимлар учун меҳнат шароитларининг ўзгариши келгусида зарарли шароитларда меҳнат фаолиятини юритган ходимларнинг ҳуқуқларини кафолати бўлиб хизмат қилади.
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси Мадаминов Дониёрбек Маҳмуджонович
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси Абдувалиев Муҳаммадусмон Абдумажидович
“Рақамли суд” концепциясидаги навбатдаги қадам
Қонунчиликдаги янгилик
Ноқонуний қурилиш – келтирар ташвиш
Анвар Мирзо «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони билан мукофотланди
СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ
“Ўзбекистон – 2030”