Popular Posts

Қурғоқчилик келган маконда чечаклар қурийди!

Хабарингиз бор, яна бир шоир – Жаҳонгир Намозовнинг мудҳиш вафоти, адабиёт оламини чуқур қайғуга солди. Аввалроқ 33 ёшли шоир Мансур Жумаев, кеча яқинда 29 ёшли Жаҳонгир Намозов аламли тарзда ҳаётдан кўз юмди. Бу воқеа юртимизда адабиётга бўлган эътибордан, ёзувчилар уюшмасининг фаолиятидан яхшигина акс-садо берди.

Бугун, неча йиллардан бери мени қийнаб келган, ички душманимни гапиришга қўяман ва гап қопчиғим очилади. Дилхиралик учун аввалдан маъзур тутасиз.

Нимадан бошласак энди? Тирикчилик дардида юртимизни тарк этган шоир ва ёзувчилар ҳақида гапирайми? Янгидан-янги элга келган тўёналар ҳақидами, хуллас гап кўп. Бугун мен шунингдек, миллий адабиётимиз қай даражада эътиборда экани, дунё келажагида ёзувчи ва шоирларнинг мустаҳкамланиб бораётган ўрни ҳақида ҳам қисқа тўхталиб ўтаман.

Ўтмишга назар

Тарихга юзлансак, ижтимоий-сиёсий сабабларга кўра ўзга юртларга бориб қолган ва энг машҳур асарларини ўша ерларда битган ҳамда тупроққа қўйилган улуғ сиймоларимиз жуда кўп. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, Азизиддин Насафий, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Усмон Хўжа ва бошқа шоир, ёзувчи ва адабиёт дарғаларни бунга мисол қилишимиз мумкин.

Ҳа… чечак сув бор жойда кўклайди. Қурғоқчилик, тақчиллик, қақраган ерда гуллар қурийди ва нобуд бўлади. Муҳит ва шароит керак. Бугун нафақат шоир ва ёзувчилар, балки кўпчилигимиз тирикчилик кишанларига аввалгидан кўра янада маҳкамроқ боғланганмиз. Унутмаслик керак-ки «Қайси юртда булбул эмас, зоғлар сайрашни бошласа, ўша юртнинг боғлари қурийди”.

Қақраган гуллар

Обидхон Мамадалиев, Бахтинисо Маҳмудова, Хонзодабегим Жамолова ҳам сўнги йилларда дард билан олишиб эрта вафот этган шоир ва шоира эдилар. Ёш ижод дурдоналари бўлмиш Обидхон ҳамда Бахтинисо соғайиши учун қанчадан қанча шоир, ёзувчи журналистлар пул йиғди.  Ижод вакиллари оғир дамда ҳам ўз ҳамроҳларини ёлғиз қўймадилар. Кимда қанча бўлса топганини ўртага ташлади. Ёзувчилар уюшмаси ёрдам бердими? Ҳа, албатта. Уюшма ҳам биз ва сиз ўйлаганчалик бой ташкилот эмас.

Тан олиш керакки шоирлар, ёзувчи ва босма ОАВ журналистлари ўзгача хилқат эгалари. Пул топса китоб олади, янада кўпроқ топса кутубхона қуради. Энг қизиғи улар йўлида учраган қийинчиликларни матонат билан енгди ва енгиб келмоқда. Шунда ҳам ўз Ватанини, давлатини танқид қилмайди. Лекин бугун шоир ва ёзувчиларга қай тарзда жавоб берилмоқда?

Солиқ йиғиш, жарима балларини жорий этиш ва пул йиғиб олишнинг янгича услуб ва технологияларини ўйлаб топаётган, тадбиқ этаётган яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича янги метод ва замонавий чекловлардан фойдаланаётган ушбу уч ҳокимият амалдор-фуқаролар қачондир ёзувчи ва шоирларни, босма ОАВ вакилларини ҳам қўллаб-қувватлашни ўйлармикан? Ёки тадбирбозлик, «танлов»бозликдан нарига ўтишмайдими? Энг қизиғи ўша танловни ҳам “қойил-мақом” қилиб жойига қўйишмоқда.

Мен туғилиб кўрибман-ки, шоир-ёзувчилар, босма ОАВ вакилларига  –  на бир қўшимча уй субсидиялари, на бир қўшимча ойлик устамалар жорий этилди.  Кўплаб касблар учун ҳатто чет тилини яхши билганлик учун 25%дан 100%гача устама пули бор.  Мана қаранг 35ни ҳам қоралаб қўйибман. Авваллари, ижодкорларга Дўрмондан ҳовли жойлар, шаҳар марказларидан уйлар, чаман-чаман мукофот пуллари ва бир қанча имтиёзлар берилган эмиш.

Босма ОАВ: Матбуотчилар уйи қачон топширилади?

Сўнгги йилларда пойтахтда 20-25 қаватли IT парк дейсизми, Гиннес рекордига кирган Ислом цивилизация маркази дейсизми, қулаб тушаётган кўприклар-у, бутун бошли Янги Ўзбекистон боғи қуриб поёнига етказилди. Матбуотчилар уйи эса 2023 йилдан буён ҳали қурилишда.

2023 йилнинг ёзида, ЎзА раҳбари Абдусаид Кўчимов матбуотчилар уйи борасидаги танқидимга “Санамай саккиз дема” номли видео муносабатни бериб, “2024 йил якунида бино “топширилади”, – деган эди. Агар ушбу номани ўқиётган бўлсалар шуни айтар эдимки, сўнгги йилларда Давлат раҳбари қарорининг ижроси қанчалик чўзилди? Гарчи, ижро муддатлари аниқ қилиб белгиланган эди. Ижро ҳокимияти вакиллари топширилган вазифани ўз вақтида бажармаса-да сув тубида қуруқ ҳолда сузишяпти, ёки, сув юзаси бизга кўринмас даража лойқаланган.

Таъкидлаш ўринли-ки, ижод аҳлидан бўлган Абдусаид Кўчимов ойлик маошига қўша-қўша уй, машина олмади. Дубай, Туркия, Тайландни кезиб сайр-саёҳат қилмади. Ўзи туғилиб ўсган маконида кутубхона қурди. Замонавий бино, 10 мингдан ошиқ китоблар, компьютерларни ёшларга тақдим этди. Зиё улашмоқда. Ҳусан Эрматов интервьюда таъкидлаганидек унинг ўрнига тўйхона, дўкон қурилиши мумкин эди, бироқ илм-маърифат маскани қурилди. Қани айтинг-чи яна қайси раҳбар ўзининг чекка маҳалласига кутубхона қурдирган? Аслида ҳам илм маърифат энг катта фойда эмасмиди?

Иқтидорли ижодкорларни асраб-авайлаш, уларга етарлича шароит яратиш эса миллат зиммасидаги бурч. Боиси, Янги Ўзбекистоннинг асл тарихига фақатгина ана шу шоир ва ёзувчилар, босма ОАВ вакиллари мукаммал сифат бера олади. Тарих эса келажагимиз учун муҳимдир. Тушуняпсизми? Хўш, Матбуотчилар уйининг янги биноси қачон топширилади? У ерда қайси ОАВлар жойлашади? Ижара ҳақи қанча? Саволлар кўп, жавоблар эса бир кишига боғлиқ эмас.

Асосий урғу: ечим борми?

Инсон бир ишни мақсад қилса, амалга ошириш учун мингта сабаб топади. Агар ўша ишни қилгиси келмаса уни инкор этиш учун ҳам мингта баҳона, сабаб, важ топар экан. Келинг биз шоир ва ёзувчилар, босма ОАВ вакиллари ижод фаолиятини чалғимасдан олиб бориши учун бир икки таклифларни кўриб чиқамиз. Аввало, ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган ёшлар, устозлар учун субсидиялар ажратишни тавсия берардим – таълим кредити, уй, кичик матиз бўлса ҳам авто улов, ҳеч йўқ жамоат транспортидан бўлса-да бепул фойдаланиш ва бошқа имтиёзлар. Агар ижодкорларнинг ойлик маошига 50 балки 100 фоизгача устама қўшилса ҳам иқтисодий тарафдан ривожланиб бораётган ғазна учун катта харж бўлмайди. Негаки кўплаб ёзувчи ва шоирлар бугун нашриётларда, босмахоналарда, таҳририятларда ишлашмоқда, ваҳоланки, мазкур иш ўринларида кутилгандпн кўра камрок ҳақ тўланади. Етиб бордими?

“Бошқа маош кўп бериладиган жойда ишласин” деб баҳсга кирарсиз, бироқ, ижод вакилларининг кўпларига амал муҳим эмас. Мажбурлаб олиб бориб қўйсангиз ҳам, инкор этилган ҳолатлар кўп бўлган. Уларга ижод керак, ижодларига хос бўлган иш керак.

Яқин келажак сўз устига қурилмоқда

Ушбу мақолани ўқувчилари, хусусан шоир ва ёзувчилар, журналистлар ҳамда амалдорларга шуни айтган бўлар эдим-ки, келажак ижодкорлар фойдасига ҳал бўлмоқда. Стив Жобснинг кашфиёт намунаси рақамли оламда инқилоб қилди. Сунъий интеллект эса нафақат рақамли олам, балки, бутун дунё келажаги учун инқилоб ясади. Энди у касбларни эгалламоқда, роботларни ҳаракатлантирмоқда, айрим ўлкаларда давлат бошқарувига ҳам қўйилди. Мазкур сунъий интеллектни ўз яратувчилари эмас, балки энг кўп сўз билимига эга бўлган ёзувчилар бошқаради. Ишонасизми ёки йўқми, бутун дунё сўз қудратини эндигина ҳис қила бошлади. Биз эса буюк ёзувчиларимиз, мутафаккир арконларимиз қолдирган улкан адабий меросга эгамиз. Сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг биргина “Хамса” асари 64 минг мисрадан иборат. Тушуняпсизми?

Умуман олганда дунё келажагининг бугунги босқичи сўз устига қурилмоқда. Сўзда боймисиз, марра сизники. Ҳар касбни эгаллайсиз, ҳар жабҳани бошқарасиз. Инсон тафаккури ва тасаввурини, фикрини ифода қилишнинг асосий омили сўз ва матн. Шундай экан, келажак сари биринчилардан бўлиб интилиш учун бизда етарлича адабий мерос бор.

Сунъий ақлнинг келажакдаги янги босқичи “Artifical General Intelligence” – Инсон мияси даражасидаги сунъий интеллект дейилмоқда. Кейинги нуқтаси эса “Artifical Superintelligence” инсон миясидан ҳам мураккаб бўлган супер сунъий ақл. Ундан кейингиси ва булардан ҳам янада мураккаби чиқса-да, ҳеч қачон ўзида инсон руҳини акс этолмайди. Назм ва наср эса инсон шуури, қалби, руҳидан чиққан акс-садодир. Адабиёт эса миллатнинг руҳидир. Абдулҳамид Чўлпон айтганидек “Адабиёт яшаса – миллат яшар”.

Якун

Бугун кўплаб ижодкорлар, ўз касбини ўзгартириб кўпроқ маош олиш, оила боқишга киришиб кетди. Янги Ўзбекистонда бошқа касб эгаларига берилаётган имтиёзлар, устамалар ўз ижодига содиқ бўлган шоир ва ёзувчилар, босма ОАВ вакилларига ҳам керак. Келажакда ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий юксалишни кўрмоқчи бўлсангиз инсониятга янги имконият сифатида намоён бўлган сунъий интеллект ривожига боқинг.

Минг афсуски, Жаҳонгир Намозов, Мансур Жумаев ушбу тўртбурчак оламга сиғмади. Аслида дунёда шоирлардек бахт, муҳаббат, қувонч улашувчи одам йўқ. Обидхон Мамадалиев, Бахтинисо Маҳмудова, Хонзодабегим Жамолова ўз тақидирига кўниб, ижод қилдилар. Уларнинг шеърлари тарих саҳифаларидан мангу жой олди. Ушбу ижод маҳсулларини кейинги авлодга етказиш эса бизнинг зиммамизда.

Балки ҳаёт бешафқат ва мураккабдир, балки бизнинг дийдамиз глобаллашув оқимида янги замонга мослашиб қолгандир. Бироқ ўзлигимизни, ўз руҳимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Зеро, шоир ва ёзувчиларнинг сафи кенгайсин миллат руҳи ўлмасин.

                      Дипломи бор журналист