Ноқонуний қурилиш – келтирар ташвиш

Айни пайтда юртимизда қурилиш, бунёдкорлик ишлари авжида. Кимдир уй, кимдир дўкон, кимдир бирор ишлаб чиқариш мажмуаси қуриб ўзи ва атрофдагиларини ишли қилай, деган ўйда. Айни жараёнда эса бу борадаги қонуний талабларни четлаб ўтиб, теварак атрофга, хусусан, табиатга зарар келтираётганлар ҳам афсуски йўқ эмас.
1970 йил Тошкент вилоятида туғилган Жўра Мусаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) фермер. Неча йиллардан буён шу касбнинг этагидан тутиб кам бўлгани йўқ. Аммо қаҳрамонимизга нимадир камдек кўринди чоғи, ноқонуний ишга қўл урди.
Хусусан, Ўртачирчиқ туман прокуратураси томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, туман ҳокимининг тегишли қарори билан»Охунбобоев» массиви ҳудудидаги боғдорчилик йўналишига ихтисослашган фермер хўжалигига ушбу массив қишлоқ хўжалиги тегишликонтуридан жами 10,49 гектар ер майдони ажратиб берилган бўлса-да, фермер хўжалиги раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги харитасининг 455-қисман контурида 200 кв.м. ер майдонида ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда нотурар бино учун пойдевор қурилиши ишлари амалга оширилганлиги аниқланган.
Чунончи, “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан берилган хулосага кўра,фермер хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалик харитасининг 455-контуридаги тупроқ унумдорлиги жихатидан 60,8 баллга тенг 0,02 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари амалга оширилиши оқибатида мазкур қишлоқ хўжалиги ер участкаларини қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқарилганлиги натижасида жами 18 миллион сўм зарар етказилганлиги кўрсатилган.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ туман судида кўриб чиқилди. Суд мажлисида судланувчи қишлоқ хўжалиги харитасининг тегишли контуридаги 200 кв.м. ер майдонига ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда бино қуриш учун фундамент курганлигини маълум қилди.
Суд қарори билан Жўра Мусаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 60-моддаси 3-қисми ва 65-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга МЖтКнинг 34-моддасига асосан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Хулоса шу, ноқонуний қурилиш ташвиш келтирмасин десангиз, қурилиш талаблари ва меъёрларига амал қилинг
Шерзод Худайбердиев
Тошкент вилояти суди матбуот хизмати ходими