1
1
“Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогерлик фаолиятини юритувчи Азиз Ғоипназаровга суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
11 ноябрь куни эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Фазлиддинхон Меҳмонов Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 168(фирибгарлик) ва 248 (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаларида, Азиз Ғоипназаров ушбу кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Фазлиддинхон Меҳмоновга 10 йил 3 оймуддатга, Азиз Ғоипназаровга 10 йил 1 оймуддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Судланувчи Фазлиддинхон Меҳмоновдан жиноят доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.
“Demokrat.uz” раҳбари ва блогерга нисбатан 2026 йилнинг фервалида жиноят иши қўзғатилганди. Ғоипназаров Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернет тармоғида жойлаштирган. Шундан сўнг “Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Меҳмонов Ғоипназаров томонидан тайёрланган видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда ушбу нашр томонидан тайёрланган, тадбиркорни обрўсизлантирувчи алоҳида видеолавҳани ОАВда жойламаслик эвазига, товламачилик йўли билан жабрланувчидан жами 50 минг доллар талаб қилган.