Popular Posts

Вашингтонда журналист Виктор Готевбега «Олтин қалам» мукофоти топширилди

АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида «Diplomatic Watch» журнали бош муҳаррири Виктор Готевбени тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, жамоатчилик фаоллари, экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов сўзга чиқиб, «Олтин қалам» миллий мукофоти учун халқаро танлов доирасида 2021 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали» номинациясининг аҳамиятига алоҳида тўхталди.

Таъкидланганидек, мазкур номинация хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳаёти, ислоҳотлари ва халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақидаги материаллар сони ортишига, мамлакатимизнинг халқаро ахборот маконидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида Виктор Готевбега «Олтин қалам» мукофоти топширилди. Шунингдек, «The Hill» газетасининг жамоатчи мухбири Жеймс Дурсо ҳамда Виктор Готевбе Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномалари билан тақдирланди.

Мазкур маросим Ўзбекистон ҳақидаги ҳаққоний ва холис ахборотни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, хорижий журналистлар билан профессионал ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.