Хабарингиз бор, футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Литвада ўтаётган жаҳон чемпионатида ўз иштирокини давом эттирмоқда.

Ҳамюртларимиз охирги турда Африканинг бир неча карра чемпиони Миср терма жамоасини мағлуб этиб (1:2), гуруҳда иккинчи ўринни эгаллашди ва бу бизга тарихда биринчи бор нимчорак финал йўлланмасини тақдим этганди. Бугун Баҳодир Аҳмедов шогирдлари чорак финал учун эронлик ҳамкасбларига қарши кураш олиб боришади.

Ушбу баҳс анчагина мураккаб ўтиши табиий. Боиси, бугунга қадар Эрон терма жамоаси билан кечган барча учрашувлар рақиб фойдасига ҳал бўлган. Охирги расмий ўйинда ҳам анча йирик 7:1 ҳисоби қайд этилган бўлиб, футзалчиларимиз рақибларининг етти голига атиги бир бора жавоб бера олишган холос. Аммо бу ҳали ҳеч нарсани англатмайди.

Кўриниб турибди-ки, жамоамизнинг ўйинлари анчагина мазмунли чиқмоқда. Ёш ва иқтидорли футзалчилардан тузилган терма жамоамиз бунгача жаҳоннинг топ бешталигига кирувчи ва жаҳон чемпионатида бир неча карра ғолибликни қўлга киритган Аргентина ва Португалия каби кучли терма жамоалар билан ҳам ўртоқлик ўйини ўтказишга улгуришган. Эътиборли жиҳати, вакилларимиз Португалия термасини 3:1 ҳисобида мағлуб этишнинг ҳам уддасидан чиқишганди. Бундан ташқари гуруҳ босқичида Россия терма жамоасига қарши ўйин олдидан кўпчилик йирик ҳисобда мағлуб бўлишимизни кутган бўлсада, аслида ундай бўлиб чиқмади ва жамоамиз жаҳоннинг вице-чемпионларига муносиб қаршилик кўрсатишди. Ҳаттоки Рус шарҳловчилари Ўзбекистон терма жамоаси ўйиннинг баъзи қисмларида рақибларидан яхшироқ ҳаракат қилишганини таъкидлашганди.

Ўйин Тошкент вақти билан соат 19:30да Вилнюсдаги «Вилниус Арена» мажмуасида старт олади. Нима бўлганда ҳам ҳамюртларимизга бўлажак ўйинда фақат ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламиз!

Шаҳзод ЭРГАШАЛИЕВ
Журналист24.уз мухбири

от Admin