Футзал бўйича Литвада ўтаётган жаҳон чемпионати чорак финалида Осиё дербиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонлик футзалчилар Эрон терма жамоасига қарши баҳс олиб боришди.

Ўйиндан олдинги мутахассислар фикрлари Эроннинг мутлақ қийинчиликсиз ғалабасини кўрсатган бўлса ҳам, йигитларимиз Эрон терма жамоасини аяб ўтиришмади.

Ўйин аввалида тезкорлик билан ўтказиб юборилган 2 гол футзалчиларимиз руҳиятига бироз салбий таъсир қилди. Аммо бу узоқ давом этмади. Тез орада ҳисоб қисқарди, кўп ўтмай 3:3 кўринишига келди. Шу аснода таблодаги ҳисобда қувлашмачоқ бошланиб кетди. Эронликлар ҳарчанд уринишмасин, бизникилар «оқ байроқ кўтаришгани йўқ». Аксинча, борган сари босимни орттириб, Форсларни саросимага тушура бошлашди.

Иккинчи бўлим экваторида дарвозабон алмашиши хато қарор бўлиб чиқди ва шунинг оқибатида жавобсиз уч бор тўп ўтказиб юбордик. Аммо бу ҳам руҳиятимиз чўкиб қолишига имкон бермади. Ўйин якунига бир неча дақиқалар қолганда бизникилар босимни ошириб, бирин кетин голлар уришди, ҳамда ҳисоб 8:9 кўринишига келди. Кулиминация учрашув тугашига 1 сония қолганда рўй берди. Унда хужумчимизни рақиб дарвозабони туртиб юборган, ҳамда бу Эрон дарвозаси томон пенальти белгиланиши учун асос бўлиши мумкин эди. Аммо ҳакамлар видеотакрорларни кузатиб, бу вазиятда қоидабузарлик рўй бермаганини таъкидлашди.

Шу тариқа ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади. Ҳамда Ўзбекистон тарихида илк бор нимчорак финалгача етиб борган Жаҳон чемпионатини бошни тик тутиб тарк этди.

Йигитларга ажойиб ва ҳаяжонли ўйин учун миннатдорчилик билдирамиз!

ЖЧ-2021. Нимчорак финал.
Ўзбекистон — Эрон 8:9

Гол: Ҳусниддин Нишонов 9ʼ, 33ʼ, Дилшод Раҳматов 17ʼ, Ихтиёр Ропиев 18ʼ, Анасхон Раҳматов 27ʼ, 39ʼ, Илҳом Ҳамроев 30ʼ, 40ʼ – Али Ҳасанзода 1ʼ, 22ʼ, 28ʼ, Маҳди Жавид 5ʼ, 25ʼ, Саид Аҳмад Аббоси 16ʼ 37ʼ, Фарҳод Тавакколи 18ʼ, Муслим Оладгодбаҳ 29ʼ

Шаҳзод ЭРГАШАЛИЕВ
Jurnalist24.uz мухбири

от Admin