Давлат хизматлари агентлиги томонидан аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Тўрақўрғон туман давлат хизматлари маркази ходимлари маҳаллаларда тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб бориш билан бирга, аҳолини давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам таҳлил қилиб кўрган эди. Шундай тарғибот тадбирлари давомида тумандан 20 километр узоқликда жойлашган “Бозорбоши” маҳалласида фуқароларнинг вақт ва нақдини тежаш мақсадида филиал ташкил этиб, шу ерлик аҳолига хизмат кўрсатишни режалаштирилган эди. Қисқа вақт мобайнида режалар амалга ошиб, 35 минг аҳолига ўзига яқин бўлган маҳаллада хизматлардан фойдаланишлари учун Тўрақўрғон туман давлат хизматлари марказининг “Бозорбоши” филиали ўз фаолиятини бошлади.


Куни кеча маҳаллага бир юмиш билан келганимда давлат хизматлари маркази ходимларининг у ёқ, бу ёққа югуриб елаётганларига кўзим тушди. Марказ хизматларидан кўп бора фойдаланганим учун ходимларнинг табассумли чеҳраси менга таниш. Уларга савол билан юзланганимда, қисқа вақт ичида Тўрақўрғон давлат хизматлари марказининг филиали очилишини айтишди. Тўғриси, жуда қувондим. Мана ҳа демай қиш қировли кунлар ҳам келади. Бундай пайтда туман марказига бориб давлат хизматларидан фойдаланиш биргина менга эмас, маҳалладошларимга ҳам малол келади. Шуни тўғри англаб, бизга ғамхўрлик қилган раҳбарларимизга ташаккур! Халққа яқиндан хизмат қилаётган ходимлар халқининг дуосини ҳам олишадиган бўлди, дейди Собиржон ота Қаландаров.


Тўрақўрғон туманидагини яна бир филиал “Хўжанд” маҳалласида иш бошлади. Мазкур ҳудудда 14 мактаб, 13 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 1 та коллеж фаолият олиб боради. Филиал хизматларидан эса, 40 мингга яқин аҳоли фойдаланиш имконияти мавжуд. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, 650 га яқин тадбиркор вақтини ортиқча сарф этиб марказга бормайдиган бўлди. Тадбиркорлик соҳасига оид ва бошқа хизматлардан ўз маҳалласида фойдаланади.
Мен бу йил мактабни битириб, янги ҳаёт остонасига қадам қўяман. Бунда албатта давлат хизматлари марказига мурожаат қиламан, дейди 11 синф ўқувчиси Мафтуна Икромова. Унинг таъкидлашича у таҳсил олган мактабнинг аввал битирувчилари, электрон рақамли имзо олиш ёки бошқа хизматдан фойдаланиш учун марказга боришган. Энди эса, у ва тенгдошлари ўзлари билим олаётган мактабга яқин жойда иш бошлаган филиал хизматларидан фойдаланишлари мумкин. Бундай қулайликдан маҳалла аҳли миннатдорлигини билдириб ўтди.
Албатта давлат хизматлари марказларининг филиаллари олис ҳудудларда иш бошлаши, ўша ерлик аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан бирга ҳудудда тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

от Admin