Назм, наср, публицистикага қизиққан, ўз келажагини журналистика соҳаси билан боғлашга аҳд қилган 20 нафардан зиёд ҳаваскор ўқувчилар устозлари кўмагида мактаб радиоси фаолиятини йўлга қўйишди.
8 сентябрдан буён жаранглаётган “Чортоқ FM 53” радиоэшиттиришлари дастурлари халқ таълими тизимидаги янгиликлар, мактаб ҳаёти ва фаолияти, илм масканида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларга оид мавзуларни қамрамоқда. Ўз навбатида, радиодастурлар жараёнида изланувчан ва иқтидорли болаларнинг чиқишлари, ижод намуналарига кенг ўрин берилмоқда.
Ижодий дастурлар устида тинимсиз изланаётган ёшлар шу кунга қадар 15 га яқин радиоэшиттириш, айниқса, ўқувчиларнинг ижод маҳсули бўлган “Чортоқ ғунчалари” китоби тақдимоти, “Бутунжаҳон тозалик” куни муносабати билан эфирга узатилган эшиттиришлар тингловчиларга манзур бўлди. Медиаоламнинг бўлажак вакиллари айни кунларда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган “Устозга эҳтиром”, “Муаллим, сизга таъзим!” мавзуида радиодастурлар тайёрлаб, мухлисларга туҳфа этмоқда.
Аҳамиятлиси, “Чортоқ FM 53” дастури эшиттиришлари ва ижодий жараёнлар ижтимоий тармоқларда ҳам кенг оммалашмоқда. Айни пайтгача илм масканининг Facebookдаги саҳифаси, туман халқ таълими бўлими ҳамда мактабнинг Telegram ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида ҳамда турли сайтлар орқали эшиттиришлар кенг жамоатчиликка ҳавола қилинди.
Ёш ижодкорлар яқин кунларда инглиз ва рус тилларида ҳам радиоматериаллар тақдим этиш саъй-ҳаракатида.