Сайлов жараёнида ҳар қандай давлат ва жамиятда эркин тафаккур, фикрларнинг хилма-хиллиги, одамларнинг ҳоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфиятлар, шу билан бирга сиёсий ҳаракатлар ва кучларнинг интилишлари, яққол намоён бўлади.
Сайлов жараёнларининг бошланишини эълон қилиш ва уни ўтказилишини таъминлаш ҳамма давлатларда Конституция ва қонунлар билан белгиланади. Бу эса ўз-ўзидан унинг иштирокчиларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини билдиради.
Дунёнинг барча мамлакатларида сайловларни ўтказилишида унинг иштирокчиларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиш принципини тўғри амалга оширилиши мамлакат ривожининг гарови бўлиб хизмат қилади. Бунинг учун номзод ва сайловчи ўртасидаги муносабатларнинг демократиявийлиги муҳим аҳамият касб этади. Ҳар икки томон учун ҳам Конституцияда тенг имкониятлар ва ўзларини намоён этиши белгиланган бўлиши лозим.
Сайлов жараёнларида, унинг иштирокчиларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиш принципини амалиёти учун мамлакатимизда етарли шарт-шароитлар мавжуд. Демоқчиманки, сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган барча ҳолатлар қонунчилигимиз билан белгилаб қўйилган. Унда ҳар бир сайловчи, номзод ва кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари аниқ
белгиланган бўлиб, уларга эркин фаолият юритишлари учун имкониятлар яратилади.
Сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг давлат бошқарувидаги фаоллиги ҳисобланади. Сайлов жараёнларида, унинг иштирокчиларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиш принципи муддатидан олдин овоз беришда ҳам кўзга ташланади.


Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганда бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.
Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади. Участка сайлов комиссиялари сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг беш фоизи миқдорида сайлов бюллетенларини ҳамда конвертларни округ сайлов комиссияларидан муддатидан олдин овоз бериш бошланишига камида уч кун қолганида оладилар.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини ва конвертни олади.
Участка сайлов комиссияси сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланади.
Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхати кўчирмасига имзо қўяди. Участка сайлов комиссияси аъзоси муддатидан олдин овоз берган сайловчини СЖБАТда ва сайловчилар рўйхатида муддатидан олдин овоз берган сайловчи сифатида белгилаши шарт.
Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан мустақил қарор қабул қилиши орқали ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «√» ёхуд «х» белгисини қўйиб тўлдирилади. Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини конвертга солади ва елимлаб ёпади. Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссияси аъзосига топширади.
Участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзоси сайловчи ҳозирлигида конвертнинг ёпиқлигини текширади ва конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади. Конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади.
2021 йилги Президентлик сайлови жараёнида ҳам сайловчиларнинг сайлов жараёнларида, ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиш принципи амал қилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 5 октябрдаги 1142-сонли қарорига асосан муддатидан олдин овоз бериш 14-20 октябрь кунлари деб белгиланди. Шу кунларда сайловчилар ўзларининг сайлов ҳуқуқларини эрталабки 9-00 дан кечки 19-00 гача амалга оширишлари мумкин.


Сайлов қонунчилигида муддатидан олдин овоз бериш хорижий давлатлардаги фуқароларимиз учун алоҳида тартибда амалга оширилади. Сайлов кодексига киритилган тўлдиришга кўра, хорижда яшаб, меҳнат қилаётган фуқароларимиз, муддатидан олдин овоз беришни ўз турган жойларида амалга оширадилар.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 561-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади. Бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади. Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан олдин овоз беришни тартибга солиш учун қабул қилган 1142-сонли қарори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилиниб, хорижда ташкил этилган сайлов участкалари ва сайловчи фуқароларимизга етказилмоқда.

Озодахон Чубоева,
6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари

от Admin