Наманган футболсеварлар вилояти эканлиги барчага маълум. Буни муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев вилоятимизга ташрифлари чоғида ҳам эътироф этиб, “Наманган ўзбек футболига Одил Аҳмедов сингари истеъдодли, ватанпарвар футболчини етказиб берганлиги билан фахрланиши, “Навбаҳор” мухлислари Англия, Италия ва Франция футбол фанатларидан қолишмаслиги, вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида Одил Аҳмедовнинг издошлари яна кўплаб топилиши, “Навбаҳор” футбол клуби базасида “Футбол академияси”ни ташкил этиб, Давлатобод туманини спорт шаҳарчасига айлантириш” борасида фикр билдиргандилар.
Муҳтарам Юртбошимиз бежизга вилоятимиз футболини эътироф этмадилар. Боиси, Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов ҳам вилоятимизда миллионлар ўйинига улкан эътибор қаратмоқда. Вилоятимиз раҳбари нафақат юртимиз, балки собиқ иттифоқ ва Осиёда ўз ҳам ўрнига эга, миллий чемпионатимизнинг энг совриндор жамоаларидан бири бўлган “Навбаҳор”нинг олдинги шонли тарихини тиклаш мақсадида.
Шу боис, жамоамиз таркиби тажрибали ва маҳоратли футболчилар ҳисобига кучайтирилиб, “Навбаҳор”нинг олдига янги мавсумда Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди ҳамда жамоамиз аъзолари айни пайтда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб боришмоқда.
Албатта, Шавкат Шокиржановичнинг футболга улкан эътибор қаратаётгани “Навбаҳор” мухлисларини хурсанд қилмоқда.
Бугун “Навбаҳор” ПФК қароргоҳига жамоамизнинг фидойи ва жонкуяр мухлиси Рустам Муҳаммедов “Навбаҳор” ПФК фан-клуби етакчилари – Ҳамидулло Мукаррамов ҳамда Музаффар Гаффаров ҳамроҳлигида ташриф буюриб, вилоятимиз раҳбарининг миллионлар ўйинига бўлган эътиборларини эътироф этган ҳолда, Шавкат Абдураззоқовга миннатдорчилик ва ташаккур сифатида жамоамиз мухлислари номидан ўзбек миллий либоси – тўн совға қилди.
Вилоятимиз раҳбари айни пайтда меҳнат таътилида бўлганлиги боис, Рустам Муҳаммедовдан ҳокимнинг совғасини “Навбаҳор” ПФК президенти Отабек Арифович Саматов қабул қилиб олди ҳамда мухлисга ташаккур билдирган ҳолда, мазкур тўнни меҳнат таътилидан қайтганидан сўнг, вилоятимиз раҳбарига етказишини билдирди.
Биз янги мавсумда “лочинлар”нинг ўз олдига қўйган мақсадига эришиб, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишига тилакдошмиз.
Манба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати