Саида Мирзиёева “Севимли” каналида намойиш этилаётган сериалларнинг савияси бўйича фикр билдирди.
«Лекин бир томошабин сифатида “Севимли” каналида прайм-тайм вақти намойиш этилаётган, миллионлаб телетомошабинларнинг диққатини тортган «Сабрия» миллий сериалига нисбатан шахсий муносабатимни билдиришга ҳақлиман, деб ўйлайман.
Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ. Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман.
Сюжетда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича аниқ ва батафсил йўриқнома кўрсатишдан мақсад нималиги ҳам тушунарсиз. Бу ҳолатдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган. Ҳамкасб аёллар ўртасидаги заҳар-заққумга тўла рақобат ғояси-ку, умуман, аёлларни одам ўрнида кўрмайдиган латифабозлардан илҳомланиб ёзилгандек. Ва ниҳоят, энг ёқимсиз ва жирканч эпизодлар – аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ҳамда исноддан қутулишнинг ягона “тўғри” йўли – ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Нақадар «доно» маслаҳат!
Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган.
Бадиий кино жамиятдаги қарашларни шакллантирадиган воситалардан биридир. Умуман, кимки оммага таъсир ўтказа олса, оғзидан чиққан ҳар бир Сўз учун масъулдир.
Биз гендер тенглиги ва аёлларга эҳтиром масаласини аҳоли онгига сингдириш учун зўр бериб ҳаракат қилаётган бир пайтда бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади. Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу – Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос.
Нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонлик аёлларнинг обрўига жиддий путур етказаётган бундай саёз «ижод намуналари» яратишни бас қилишни талаб этишга ҳақлимизми? Қандай қилиб ўз жонига қасд қилишни экранда кўрсатиш мумкин ахир?
Мен бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақираман. Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек таалуқли!»