Кинематография агентлиги Kun.uz сайтида эълон қилинган “Сабрия” машмашаси: Сериалдаги беҳаё саҳна мавзуси Фирдавс Абдухолиқов шахсига уланиб кетди” мақоласи юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Биринчидан:
Сўнгги пайтлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган «Сабрия» телесериали Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинмаган ва давлат маблағлари юқоридаги сериалга йўналтирилмаган. Мазкур сериалнинг Кинематография агентлигига алоқаси йўқ. Ушбу сериаллар хусусий студиялар томонидан мустақил равишда ишлаб чиқарилган ва Кинематография агентлиги Бадиий кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган. Агентлик Бадиий кенгаши давлат буюртмасига биноан суратга олинган маҳсулотларни ҳамда кинотеатрларда намойиш учун рухсат сўраб мурожаат қилинган фильмларнигина кўриб чиқиш ваколатига эга.
Иккинчидан:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил ноябрь ойида “Ўзбекфильм” студиясига ташрифи давомида берилган топшириқлар бўйича 92-сонли баёни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ёзма топшириғига мувофиқ Кинематография агентлигига ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига нодавлат телеканаллар билан ҳамкорликда сериаллар суратга олиш топшириғи юклатилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кино санъатини ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2021 йил 7 апрелдаги ПФ–6202-сон Фармонида миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсида фаолият юритувчи телеканалларга Агентлик томонидан ҳар йили 12 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда субсидия маблағлари ажратиш белгиланган.
Учинчидан:
Қонунчиликка мувофиқ, Агентлик бош директори у ёки бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш, киностудия ва телеканалларга сериал ишлаб чиқаришни тўғридан-тўғри топшириш ваколатига эга эмас. Агентлик қайси телеканаллар ва хусусий студиялар билан ишлаши Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган Кинематография агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгашнинг мутлақ ваколатига киради ва ушбу масала кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози асосида ҳал этилади. Бундан ташқари, киностудиялар ва телеканаллар тақдим этган сериаллар лойиҳалари ва уларнинг харажатлар сметаси Агентлик ҳузуридаги Экспертлар кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, кенгаш аъзоларининг сериални ишлаб чиқаришни молиялаштириш тўғрисидаги коллектив қароридан кейин шартнома тузилиши мумкин.
Тўртинчидан:
Мақолада Кинематография агентлиги томонидан нафақат Севимли телеканали билан, балки бошқа телеканаллар ва киностудиялар билан ҳамкорликда суратга олинган сериаллар ҳақида айтилмаган. Бу муҳим фактни инобатга олмаслик жамоатчиликда янглиш фикрнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Кинематография агентлигига мурожаат қилган барча киностудиялар ва телеканаллардан тушган сериаллар лойиҳаларини кўриб чиқиб, талабга жавоб берган ишлар Бадиий ва Эксперт кенгашлари тасдиғидан ўтказилиб, сўнгра молиялаштирилади. Қайд этиш жоизки, Агентлик сериаллар ишлаб чиқаришда учта йўналишда ишлайди. Булар давлат буюртмаси асосида, телеканаллар билан тенг шерикчилик асосида ва киностудиялар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик асосида. Бундай ко-продукция усулида ишлаш телесериаллар соҳасини ривожлантириш учун илк қадамлардир. 2021 йилда агентлик томонидан 10 та сериал ишга туширилди, 10 та сериал жами 454 қисмдан иборат. Шундан киносериаллар 51 қисм, телесериаллар 403 қисм. Кинематография агентлиги 5 та бадиий фильмларнинг сериал версиясини яратиб, телеканалларга бепул тақдим этган. Улар сирасига “Ибрат”, “Авлоний”, “Сумбул”, “Илхақ”, “Беҳбудий” каби сериаллар киради.
Давлат ва хусусий студияларга буюртма бериш орқали эса “Маҳалладошлар” (“Ўзбекфильм”, 16 қисм), “Қодирхон” (Fan Entertainment МЧЖ, 120 қисм), “Орзулар палатаси” (MY Films МЧЖ, 100 қисм) сериаллари суратга олинган. Севимли ва Менинг юртим телеканаллари “Орзулар палатаси” (1 фасл тугалланган, эфирга узатиш ҳали бошланмаган) ва “Қодирхон” сериалларини эфирга узатади.
Давлат студиялари ва телеканаллар билан тўғридан-тўғри молиялаштириш орқали Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Тузоқ” (СевимлиТВ, 120 қисм) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “Нажоткорлар” (ЗўрТВ, 63 қисм, тугалланган) сериаллари ишлаб чиқарилмоқда. Эслатиб ўтиш жоизки, ушбу ҳамкорликдаги сериалларнинг қолган 50 фоиз маблағлари эфирга узатадиган телеканаллар томонидан қопланади. Мақолада тилга олинган “Она замин” сериали Севимли телеканал томонидан мустақил молиялаштирилган бўлиб, ушбу маҳсулотнинг агентликка умуман алоқаси йўқ.
Бешинчидан:
Севимли телеканали Кинематография агентлиги билан тенг шерикчилик асосида сериал ишлаб чиқаришдан ташқари агентликни мунтазам қўллаб-қувватлаб келади. Хусусан, телеканал Ўзбекистон Миллий кинофонди ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти мурожаатига асосан асл негативлари йўқотилган 65 та бадиий, 87 та мультипликацион фильмларни, ўзбек киноси дурдона асарларини Россия давлат кинофондидан рақамлаштирилган ҳолда қайтариш лойиҳасига тўлиқ ҳомийлик қилган. Улар орасида “Алишер Навоий”, “Тохир ва Зуҳра”, “Тошкент нон шаҳри”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Келинлар қўзғолони”, “Суюнчи”, “Насриддиннинг саргузаштлари” каби ўзбек киносининг дурдоналарини санаш мумкин.
Шунингдек, Севимли телеканали 3 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағларини Агентлик буюртмасига биноан бадиий фильмлар ишлаб чиқараётган хусусий киностудияларга молиявий ёрдам сифатида тўлаб берган. Ушбу тадбир молиялаштирилиши кечиккан лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва суратга олиш ишларида узулишлар рўй бермаслиги учун амалга оширилган. Молиявий кўмак олган фильмлар қаторида Ҳилол Насимовнинг “Мерос”, Муҳаммадали Искандаровнинг “Мен террорчи эмасман”, Али Ҳамроевнинг “Самарқандда қовун таровати”, ёш режиссёр Мурод Иноғомовнинг “Талваса” каби фильмлари мавжуд.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, 2018 йилгача Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган кино ва телесериаллар йўқ эди. Бу амалиёт юқоридаги фармойиш ва қарорлардан сўнг йўлга қўйилиб, ислоҳотлар натижасида 2021 йилнинг ўзида 5 та киносериал, 5 та телесериал яратилди. Лекин бу қилинган ишлар етарли эмас. Йил давомида агентлик 5 та телесериал суратга олса, бу вақт давомида хусусий студиялар мустақил равишда бир неча баробар кўпроқ сериалларни олишмоқда ва умумий манзарага улкан таъсир кўрсатишмоқда. Келгусида мазкур хусусий студиялар билан ҳамкорликда ишлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашмасдан, аммо, суратга олинаётган кино маҳсулотларини бадиий ва ғоявий мазмунини баҳолайдиган махсус консультатив Бадиий кенгаш ташкил этиш зарур. Ушбу тавсиявий ҳарактерга эга Кенгашга кино санъати соҳасидаги малакали, етук ва профессионал мутахассислар жалб этилишини таклиф қиламиз. Мустақил равишда телесериаллар олаётган хусусий студияларни Бадиий кенгашга мурожаат қилиб, маҳсулотнинг мазмун-моҳиятини оширишга ҳаракат қилишга чорлаймиз.
Маълумот учун, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вазият юзасидан ўрганиш ишларини бошлаганини маълум қилди.
Манба: Кинематография агентлиги Ахборот хизмати