Мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси томонидан «МЕДЕФ Иль-де-Франс» корхоналар ҳаракати билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
“Тадбиркорлар, ўсишингиз учун Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёдаги имконият ҳақида ўйлаб кўринг” мавзусидаги вебинар доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Иль-де-Франс ҳудудий савдо-саноат палатаси, «МЕДЕФ Интернациональ», «Bpifrance Export» агентлиги, «Team France Export Ile-de-France» тармоғи, Франция божхона идоралари, шунингдек, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда бизнес юритишдан манфаатдор компаниялар вакиллари қатнашди.
Дастлаб иштирокчилар «Invest in New Uzbekistan» тақдимоти билан танишдилар. Фаранг ишбилармонларига юртимизда қулай инвестициявий муҳит шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар батафсил намойиш этилди.
Вебинарда Ўзбекистон мамлакат саноатини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун салоҳиятли хорижий сармоядорлар билан мақсадли иш олиб боришга тайёр экани таъкидланди.
Франция бизнеси вакилларига республикамизнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, чет эллик сармоядорлар учун яратилган шарт-шароит, имконият хусусида тўлиқ маълумот берилди. Ўзбекистон экспорт салоҳиятини, маҳсулот (қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа соҳалар бўйича) ва хизматларимизни Франция бозорига олиб киришга урғу берилди.
Анжуманда, шунингдек, «Orano», «Total Eren», «Suez», «Veolia», «Renault», «EDF», «Lactalis», «Rungis Semmaris», «Carrefour», «Assystem», «Bi1-Schiever», «Orex Loisirs», «Compagnie des Alpes», «Geode», «Egis» каби француз компанияларининг юртимиз бозоридаги муваффақиятли тажрибаси ҳам алоҳида қайд этилди.
Вебинарнинг барча иштирокчилари жорий йил март ойида ўтказилиши режалаштирилган Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди.
«МЕДЕФ Иль-де-Франс» халқаро комиссияси президенти Мишель Жонкерес Самарқанд ва Бухородаги тарихий, диққатга сазовор масканларни зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганини айтиб, бошқаларга ҳам Ўзбекистон бўйлаб саёҳат уюштиришни таклиф қилди.
«Ўзбекистон – Франциянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори, — деди жаноб Жонкерес. – Мамлакатларимиз савдо алоқаларини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга. Бу устунлик Ўзбекистоннинг тарихий “Буюк ипак йўли”даги стратегик жойлашуви билан белгиланади.
Унинг сўзларига кўра, Иль-де-Франс ҳудудидаги корхоналар қишлоқ хўжалиги, энергетика, енгил саноат, туризм каби соҳаларда шерикликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан манфаатдор.
Халқаро комиссия раҳбари республикамизда хорижий сармоядорлар учун белгиланган имтиёзларни юқори баҳолаб, «Ўзбекистон ва Франция экспорт-импорт масаласида бир-бирини тўлдиради», — деди.
Тадбир якунида «МЕДЕФ Иль-де-Франс» корхоналар ҳаракати билан Ўзбекистон ва Франция тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: ЎзА