Jurnalist24.uz объективига тушган бугунги манзил – Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Ахсикент қадимги шаҳар ҳаробалари бўлди.
Мазкур шаҳар тарихий маълумотларга қараганда милоддан аввалги III-II асрларда вужудга келган бўлиб, IX-X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти ҳисобланган. Маълумотларга қараганда шаҳар 1621 йилдаги кучли зилзила оқибатида бутунлай вайрон бўлган.
Қадимий шаҳарни археологик ўрганиш ишлари XIX аср оxири, XX аср бошларидан бошланган. Дастлаб, 1885 йилда Н.И.Веселовскип, 1914 йилда И.А.Кастаньелар қазиш ва қидирув ишлари олиб борган бўлсалар, 1939 йил — шўролар даврида М.Е.Массой ҳамда 1948 йилда А.Н.Бернштамлар археологик тадқиқотларни давом эттиришган. Мазкур тадқиқотлар натижасида, Ахсикент – арк, шаҳристон ва рабоддан иборат бўлганлиги, шаҳарнинг уч қисми ҳам алоҳида деворлар билан ўралганлиги, аркда ҳоким саройи, зиндон, шаҳристонда ички бозор, жоме масжиди, пишиқ ғиштдан ишланган ҳовуз ва ариқлар, рабодда ҳунармандлар маҳаллалари ва ташқи бозор мавжуд бўлганлиги аниқланган.
Қадимий Ахсикент шаҳри Наманган ўлкашунослик музейи ходимлари томонидан ҳам ўрганилган 1957-1959 йиллароралиғида ўрганилган. Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих ва археология институти томонидан 1960 йилда уюштирган махсус экспедиция Ахсикент рабодидан XI асрга оид кўҳна ҳаммом ўрнини очган. У ердан сопол идиш, қувур, чақа танга ва шиша буюмлар топилган. Бундан ташқари Ахсикент ҳаробаларидан ғарброқда ўрта асрларга оид яна бир шаҳар ҳаробалари борлиги аниқланган. Академик Я.Ф.Ғуломов ва археолог И.Аҳроровлар мазкур тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид 2 та шаҳар бўлганлигини, улардан бири қадимги Ахсикент ва иккинчиси Бобур туғилган Ахси эканлигини биринчи бўлиб исботлаганлар.
1967 йилда рассом И.А.Смирнов Ахсикент ҳаробаларидан йиғиб жамлаган сопол идиш, жез буюм ва зеб-зийнатлар мажмуасини Москвадаги Шарқ халқлари давлат музейига тақдим этган. Ахсикент ёдгорлиги ўзбек халқи маданияти тарихида муҳим ўрин тутганлиги сабабли мазкур буюумлар 1950 йилдан давлат муҳофазасига олинган.
Оператор: Фазлиддин ПЎЛАТОВ.