Япония парламентининг юқори палатаси Россия Қуролли кучларининг Украинага ҳужумини кескин қораловчи резолюция қабул қилди. Ҳужжатда айтилишича, Россиянинг Украинага ҳужумлари халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига зиддир. 

“Россия Қуролли кучларининг Украинадаги ҳаракатлари ушбу мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини очиқдан-очиқ бузиш ҳисобланади”, дейилади резолюцияда. 

Япония парламентарийлари статус-квони ўзгартириш учун бир томонлама куч ишлатишга қарши чиқди ва Россия ҳарбийларининг ҳужумларини зудлик билан тўхтатиб, уларни Украинадан олиб чиқиб кетишга чақирди. 

Резолюцияда Украина халқи билан бирдамлик тарафдори эканлиги таъкидланган ва Япония ҳукуматидан инқирозга санкциялар орқали тез ва қатъий жавоб бериш талаб қилинган. 

Ҳужжатда Россия Қуролли кучларининг Украинага ҳужуми “нафақат Европада, балки Осиёда ҳам халқаро жамоат тартиби асосларини силжитиши мумкин бўлган ўта жиддий вазият” сифатида тасвирланган. 

Япония ТИашқи ишлар вазири Ёсимаса Хаясининг айтишича, Токио парламент резолюцияси маъқулланганидан кейин “Катта еттилик давлатлари билан ҳамкорликда Россияга қаттиқ санкциялар билан жавоб беради”. 

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари «махсус ҳарбий операция» бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Манба: Qalampir.uz

от Admin