Россия Федерацияси президенти Владимир Путин АҚШ ва Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкцияларга жавоб чоралари ҳақидаги фармонни имзолади.
Россияда энди экспортчи корхоналар валюта тушуми устидан назорат ўрнатилади ва россиялик резидентларга РФдан ташқаридаги банкларга валюта жўнатиш тақиқланади. BBC бу нимани англатиши ва қандай ишлашини тушунтирди.
Путин мамлакатда капитал ҳаракатланиши устидан назорат ўрнатди — Россияда яшовчиларга пулни хорижий давлатга ўтказиш қийинлаштирилди.
Биринчидан, россиялик резидентларга хорижий банклардаги ҳисобрақамларга пул ўтказиш тақиқланмоқда. Россиялик резидентлар кимлар? Булар – Россиядаги юридик шахслар, Россия фуқаролари, шунингдек, йилига 183 календар кундан ортиқ Россияда бўлиб турган хорижий фуқаролардир. (Жумладан, Россияда бўлиб турганига 6 ойдан ошган меҳнат мигрантлари ҳам – таҳр.)
Россия Марказий банки 28 феврал, душанба куни эрталаб валюталарни хорижий банкларга ўтказиш корреспондентлик ҳисобрақамларига тааллуқли эмаслигини айтди — бу чора банклар ва банк ўтказмалари ўртасидаги ўзаро ҳаракатни тўхтатиб қўймаслик учунгина киритилмоқда. Аммо молиявий ташкилотлар норезидентларга қарз бериши ҳам тақиқ остига тушди.
Иккинчидан, Россия резидентларига хорижий етказиб берувчилар томонидан тақдим этиладиган тўлов воситаларидан фойдаланиб, ҳисобрақам очмасдан туриб пул ўтказмалари ўтказиш тақиқланади. The Bell нашрининг Россия ҳукумати молия-иқтисодий блокидаги ўз манбасига таяниб тушунтиришича, гап хорижий электрон ҳамёнларни тўлдириш ва улардан пул ечишни тақиқлаш ҳақида бормоқда.
Путин ўз фармонида қўлланилажак чораларни ҳам белгилаб берди ва унга эрталабдан Марказий банк тушунтириш берди: экспортчилар 2022 йилнинг 1 январ санасидан бошлаб валюта тушумининг 80 фоизини валюта бозорида сотиши белгиланган. Бу рублни барқарорлаштиришга хизмат қилиши керак. Авваллари Марказий банкнинг ўзи валюта интервенциялари ёрдамида Россия валютасини қулашдан сақлаб турарди, яъни у валюта сотиб, рубл харид қиларди. Душанба куни Марказий банк рубл харид қилишни тўхтатди, чунки регуляторнинг захиралари ҳам санкция остига тушиб қолди. Энди бу интервенциялар бизнес гарданига юкланди.
Капитал устидан назоратнинг маъниси нима?
Ҳукумат амалда капиталнинг турли банк воситалари орқали хорижга олиб чиқиб кетилишини чеклади. Мўлжалга кўра, бу валюта мамлакат ичида сақланиши ва рублни янада қулашдан асраб қолиш учун қилинмоқда.
BBC томонидан савол берилган иқтисодчилар бу чоранинг акс таъсири ҳақида сўзлашган — иқтисодиёт янада ёпиқ бўлиб қолади. Халқаро валюта фонди, рейтинг агентликлари ва бошқалар узоқ вақт Россия иқтисодиётини рублнинг эгилувчан курси учун мақтаб келишган — энди эса рубл камроқ конвертланадиган валютага айланади.
«Санкция жорий этганлар бизга рублнинг конвертацияни вайрон қилиш билан таҳдид қилишганди, биз эса ўзимиз ўзимизга capital controls жорий қилиб ўтирибмиз. Мамлакат раҳбарияти қарорлари билан капитал чекловлар жорий этилди. Бу – асосийси. 2005 йилнинг ёзида у бекор қилинган эди. Рубл жаҳоннинг кўзга кўринарли давлатлари ичида энг эркин конвертланадиган валюта эди. Бу менга катта ютуқ бўлиб кўринган эди», — деган «ПФ Капитал» бош иқтисодчиси Евгений Надоршин.
«Ренессанс Капитал» иқтисодчиси Софья Донец Россиянинг жавоб чораларини «ёпиқ иқтисодиёт сари ташланган яна бир улкан қадам», дея баҳолаган.
«Бу ўйлашга мажбур қилади, хўп, кейин-чи? Бундай олиб қараганда, ҳаммаси кутилаётганидек — капитални олиб чиқишни чеклаш бўйича чоралар рубл ва банклар учун улкан қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинмоқда», — дейди у.
«Бу чоралар қандайдир даражада антикризис чораларидир, — дея гапида давом этади Надоршин. — Нима рўй бермоқда: агар денгизда тўфон турса, бандаргоҳни беркитиб қўйиш — табиий истакдек. Яъни чора ҳимоялаш учун, лекин сиз ташқи таъсирни кесиб қўясиз, чеклайсиз».
Акцияларни қайта харид қилиш
Россия компаниялари йил сўнгига қадар биржадан ўзининг арзонлаган акцияларини харид қилишлари мумкин, дейилади Путиннинг фармонида. Бу қайта харид қилиш, деб аталади.
У бир неча шартлар бажарилганда имконли, хусусан, акциялар қиймати ва фонд индекси 20 фоиз ва ундан юқори пастлаганда. Яна бир шарт — акциялар очиқ акциядорлик жамияти топшириғи билан брокерлар томонидан сотиб олиниши.
Евгений Надоршин акцияларни қайта харид қилиш ички бозорни қўллаб-қувватлаш учун жуда яхши чора, дея баҳолаган.
«Пайшанба куни ички акция ва облигация бозорида жуда кўп «қон тўкилди». Кўплаб чакана инвесторлар бу туфайли жабр кўрди. Бироқ ички бозорга шу онгача ҳеч қандай ёрдам кўрсатилгани йўқ эди», — дейди у.
«Райффайзенбанк»нинг макротаҳлилчиси Станислав Мурашовга кўра, фармон хорижий контрагентлар билан ҳамкорликни амалда тақиқламоқда. «Бу чора байбэк шароитида уларнинг нархи кейинчалик ўсганда акцияларни сотишга йўл қўйилмаслиги учун қилинмоқда», — дейди у.
Марказий банк аллақачон россиялик брокерларга хорижий мижозларнинг қимматбаҳо қоғозларни сотиш борасидаги барча топшириқларини тўхтатиш ҳақида кўрсатма берди. Бу кўрсатма ярим йил амал қилади.
Шунингдек, душанба куни вазирлар маҳкамаси антисанкция ҳужжатларини тайёрлаш муддатини қисқартирганини эълон қилди. Энди ижроия ҳукуматнинг федерал органлари ҳукуматга тегишли фармойишни олганидан сўнг бундай ҳужжатларни 24 соат ичида тайёрлаб топширишлари керак.
Пайдар-пай санкциялар
Сўнгги бир неча кун ичида АҚШ ва Евроиттифоқ Россияга қарши бир неча санкциялар пакетини жорий қилди.
Россиянинг йирик банклари — ВТБ, «Сбер», Газпромбанк ва бир нечта хусусий банклар Совкомбанк ва МКБ санкциялар остида қолди. Чекловлар банкларнинг хориждаги 90дан ортиқ шуъбаларига ҳам тааллуқли.
Санкциялар Россиянинг РЖД, «Совкомфлот», ОАК, ОСК, «Камаз» ва «Калашников» концерни каби йирик компанияларига ҳам жорий этилган.
Ўтган шанба куни Евроиттифоқ давлатлари, АҚШ, Канада ва Британия санкциялар остига тушган Россия банкларини SWIFT тизимидан узиш ҳақида ҳам келишиб олишди. Қўшма баёнотда бу чора Россия молиявий ташкилотларининг «глобал миқёсда ишлаш» қобилиятига рахна солиши қайд этилган.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен яна бир қатъий чорани тилга олган: иттифоқчилар Россия банки активларини музлатишга келишиб олишган. Олтин-валюта захираларидан фойдалана олмаслик Марказий банк қўл остидаги банкларни қўллаб-қувватлаш имкониятига монелик қилибгина қолмасдан, бозорга интервенция билан чиқиш ҳамда рубл курсини бошқариш имкониятидан ҳам маҳрум этади.
Манба: Kun.uz