Миллий уйғониш даврининг ёрқин намоёндаларидан бири, маърифатпарвар шоир, олим, сайёҳ, матбаачи ва муаллим Исҳоқхон Тўра Ибрат 1862 йилда, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон қишлоғида зиёли оилада таваллуд топган. Отаси Жунайдулла хўжа ва онаси Ҳурибибилар хат-саводли кишилардан бўлиб, мактабдорлик ҳам қилганлар. Исҳоқхон она-отаси қўлида савод чиқариб, кейинчалик турли мактаб ва мадрасаларда таълим олган.
Ибрат 1886 йилда Қўқон мадрасасини тугатгач, она қишлоғи Тўрақўрғонга қайтади. Ўз фаолиятини маърифат тарқатишга қаратади. «Усули қадим» қабилидаги мактабларни ислоҳ этиб, жадид мактабларини очишга киришади, меҳнаткаш халқ болаларини мактабга тортади. Аммо кўп ўтмай, мутаассиб кимсалар бу мактабларни «кофирлар мактаби» деб ёпиб қўйишади.
Шундан сўнг у 1887 йилда, яъни 25 ёшларида онаси Ҳурибибини ҳажга олиб бориш баҳонасида Жидда шаҳрига йўл олади. Аммо онаси ўпка шамоллаши орқасида вафот этгач, у Шарқ ва Ғарб мамлакатларига сафар қилиб, Истанбул, София, Афина, Рим, шунингдек, Қобул, Макка, Калкутта, Бомбей каби шаҳарларда бўлади. Сафар давомида араб, форс, ҳинди, урду, инглиз тилларини мукаммал ўрганади.
Ибрат 1896 йилда Ҳиндистон, Бирма, Хитой, Қашқар орқали ўз ватани Наманганга келади. Сафар натижаси ўлароқ, унинг «Луғати ситта ал-сина» асари майдонга келади.
Асар 1901 йилда нашр этилиб, у ўзбекча-русча ва кўп тиллик луғат яратишда муҳим тажриба ролини ўтайди. Муаллифнинг «Жомеъ ус-хутут» асари эса 1912 йилда яратилган, у дунёдаги қирқдан ортиқ тиллар ва ёзувлар ҳақида маълумот беради. У тарихчи олим сифатида «Тарихи Фарғона» (1916) асарини яратади. Унда Қўқон хонлиги ва, умуман, Туркистондаги хонликларнинг инқирози, мустамлакачилик зулми, энг муҳими, ўз халқининг ёрқин келажагига ишонч руҳи ўз ифодасини топган. Шунингдек, 1928 йилда унинг яна бир асари — «Мезон ул-замон» юзага келди.
Исҳоқхон Ибрат матбаачи сифатида 1908 йилдаёқ Наманганда «Матбааи Исҳоқия»ни ташкил этиб, китоб нашрига киришган эди. Бу ерда у кўплаб илмий, тарихий, бадиий асарлар билан бирга, замонавий мавзулардаги китобларни ҳам нашр этиб, илм-маърифат ва маънавият ривожи йўлида хизмат қилган.
Ибратнинг шоир сифатида ҳам кўплаб шеърлар яратгани маълум. У махсус девон тузганлиги ҳақида маълумотлар бор бўлса-да, улар бизгача етиб келмаган. Аммо кўп шеърлари матбуот саҳифаларида сақланиб қолган бўлиб улар ҳаётнинг турли жабҳаларидан ҳикоя қилади.
Ибратнинг миллий кутубхона, китобхонлик ишларининг илк ташкилотчиси ва тарғиботчиси сифатида ҳам хизматлари беқиёсдир. У асос солган «Кутубхонаи Исҳоқия» фонди бу жиҳатдан анча бой бўлиб, унда китоб бериш ва олиш маълум тартиб-қоидага мослашган эди.
1937 йилга келиб унинг барча фаолиятига чек қўйилди, китоблари ёқиб, йўқ қилиб юборилди. Ўзи эса қатағонга учради. Фақат истиқлол даврига келиб унинг номи ва ижоди асл қадр-қимматини топди. Китоблари чоп этилиб, ўзи туғилиб ўсган Тўрақўрғонда музей ҳам ташкил этилди.
Манбалар: Исҳоқxон Ибрат. «Тариxи Фарғона». Тошкент, 1992; Ибрат, Ажзий, Сўфизода. Танланган асарлар. Т.: Маънавият, 1999; Исҳоқxон Ибрат. Тариxи Фарғона. Қўлёзма, ЎзМУ проф. Ғ. Каримов фондида сақланади; Исҳоқxон Ибрат. Жомеъ ул-xутут. Наманган, 1912.
Оператор Фазлиддин Пўлатов