Айни кунларида минглаб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш жараёнида муносиб фаоллик билан иштирок этишмоқда. Ўтган вақт оралиғида Наманган муҳандислик-технология институти вакиллари ҳам Бош Қомусимизни янги таҳрири учун тегишли таклифларини тақдим қилишди. Мухим сиёсий жараёнга айланиб бораётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан талаба-ёшлар ҳамда профессор-ўқитувчиларини яқиндан таништириш мақсадида Наманган муҳандислик-технология институти томонидан давра суҳбати ўтказилди. Унда, институт проректорлари, барча факультет деканлари, кафедра мудирлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этиб, Бош қонунимизни такомиллаштириш борасидаги ишлар кўлами юзасидан маълумотларга эга бўлишди.
Давра суҳбати давомида Наманган муҳандислик-технология институти ректори, физика-математика фанлари доктори Профессор, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Одилжон Маматкаримов “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида назарда тутилган энг асосий нормаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, йиғилганларга биринчи ўқишда қабул қилинган конституциявий қонун лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Айтиш керакки, конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда бу каби маълумотлар йиғилганларнинг диққат марказида бўлди – Ушбу сиёсий жараёнларда талабаларимиз ҳамда профессор ўқитувчиларимизнинг ҳам фаол иштироки аҳамиятлидир – дейди Наманган муҳандислик-технология институти ректори Одилжон Маматкаримов – Биз бу йўналишлар бўйича ҳам олдимизга аниқ режаларни белгилаб олганмиз. Бугун юртимизда катта ислоҳотлар амалга оширимоқда. Бундай ишларни фаол давом эттириш учун конституциявий ислоҳотлар зарур эди. Гувоҳи бўлаяпмиз Конституцияга таклиф бериш жараёнида халқимиз ўзига хос фаоллик кўрсатмоқда. Улардан олинган таклифлар асосидаги илк лойиҳа билан Наманган муҳандислик-технология институти талабалари ва профессор-ўқитувчиларини яқиндан таништириш мақсадида белгиланган режа асосида мана шундай учрашувларни ўтказаяпмиз.
Учрашувда Конституциямизнинг ҳар бир бўлимига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, бунинг зарурати ва аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди. Қатнашчиларнинг конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди. Бу каби учрашувлар давом этмоқда.
Наманган муҳандислик-технология институти Ахборот хизмати