Жамиятнинг бугунги ва эртаси, унинг маданий-маърифий-маънавий салохияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг мувоффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларнинг фидокорона меҳнатларига боғлиқ эканлиги барчамизга аён. Шу боисдан мамлакатимизда таълим соҳаси вакилларига ва устоз ва мураббийларга бўлган эътибор кучайиб бормоқда.
Бугун юртимизнинг барча таълим муассасаларида Устоз ва мураббийлар куни кенг нишонланмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлари О.Бабаханов, Ғ.Бабаҳанов ва Қ.Дадабаевларнинг ташаббуслари билан сайлов округларида ҳудудидаги 46-сонли ва 48-сонли умумтаълим мактабларида ҳам сана муносабати билан байрам тадбирлари ташкил этилиб, ёш авлод етук кадр этиб вояга етказиш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнатлари эътироф этилиб, уларга депутатларнинг байрам совғалари топширилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда. Президентимиз таъбирлари билан айтганда бугун биз улуғ ниятлар билан пойдевор қўяётган Янги Уйғониш даври мамлакатимизда мана шундай улкан бойлик яратишга, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилишга ва келгуси авлодларга ўзимиздан муносиб мерос қолдиришга хизмат қилади.