Бугун юртимизда тадбиркорлик субъектларининг эмин-эркин фаолияти учун барча шароитлар яратилган бўлиб, уларнинг ҳуқуқлари қонун ҳимоясида экани белгилаб қўйилган. Мазкур жараёнлар судларда кўрилаётган ишларда ҳам ўз ифодасини топяпти.
Хусусан, Наманган вилоят маъмурий судига Поп туманидаги “Абубакр Абдусалом балиқчилик” фермер хўжалиги раҳбари А.Маннобов ариза билан мурожаат қилиб, Поп туман ҳокимининг 2021 йил 24 декабрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда давлат божи, почта харажатларини жавобгардан ундиришни сўраган.
Аниқланишича, Поп туман ҳокимининг 2020 йил 9 декабрдаги тегишли қарори билан Наврўз массивидаги 36,2 гектар ер майдони 49 йил муддатга ижара шартномаси асосида тендер ғолиби А.Маннобовга сунъий кўл ташкил этиш мақсадида ажратиб берилган. Бироқ, Наманган вилоят прокуратураси томонидан Поп туман ҳокимининг ушбу қарори қонунчиликка зид равишда қабул қилинган деб топилиб, бекор қилинган.
Шундан сўнг тадбиркор мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида Наманган вилоят маъмурий судига мурожаат қилади. Судда фермер хўжалиги раҳбари А.Маннобов мазкур ерни танловда қатнашиб, танлов ғолиби сифатида қўлга киритгани, у томонидан сунъий кўл барпо этилгани, бунинг учун 1 миллиард сўм пул сарфланиб, балиқ етиштириш йўлга қўйилганлиги маълум бўлди.
Шунга кўра, Наманган вилоят маъмурий суди қарори билан
“Абубакр Абдусалом балиқчилик” фермер хўжалиги раҳбарининг ҳуқуқлари тикланиб, тадбиркорнинг ери ўзида қолдирилди.
Маълумот ўрнида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Наманган вилоят маъмурий судлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ 136 та иш кўрилган бўлиб, шундан 57 тасида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Умида Нишонова
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси