Марказий банк томонидан «2022 йилнинг сентябрь ойида аҳолининг даромадлар кесимида инфляция даражаси ва сезилган инфляция шарҳи» тақдим этилди.
Унга кўра, МБ респондентлари орасида сентябрь ойида ҳам август ойи каби гўшт, сут, нон, ун, шакар ва ёғ маҳсулотлари нархлари юқори даражада ошганлигини ҳис қилганлар кўпайган.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2022 йилнинг сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 16,6 фоизни ташкил этган.
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида, 8 та ҳудудда инфляция кўрсаткичлари республика бўйича ўртача умумий инфляция даражасидан баланд бўлди.
Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сирдарё, Сурҳондарё ва Наманган вилоятларида озиқ-овқат нархлари ўсиши суръатлари қолган ҳудудларга нисбатан юқорироқ эканлигини кўриш мумкин.
Хусусан, апрель ойидан бошлаб ички нархлар ўсишининг тезлашгани аҳолининг, айниқса, кам даромадли гуруҳларнинг сезилган инфляцияси юқори шаклланишига сабаб бўлди.
Бунда, июнь ойида даромадлари 2 млн. сўмгача бўлган уй-хўжаликлари инфляциясининг умумий инфляциядан тафовути 2,4 фоиз бандгача ошган бўлса, сентябрь ойи якунлари бўйича ушбу кўрсаткич 2 фоиз бандгача пасайди.
Юқорида қайд этилганидек, апрель ойидан бошлаб ички нархларнинг сезиларли даражада қимматлашиб боргани ижтимоий товарлар (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, тухум, картошка, пиёз, сабзи, олма, гуруч, биринчи навли буғдой уни, обинон, ўсимлик ёғлари ва шакар кабилар) нархларининг ўсиш суратларида ҳам намоён бўлмоқда.
Бунга асосан, ўтган даврда ушбу гуруҳ товарлари таркибидаги ун маҳсулотлари (биринчи навли буғдой уни ва обинон), шакар, тухум, кунгабоқар ёғи ҳамда гуруч нархларининг кескин қимматлашиши оширувчи таъсир кўрсатган.