Ўзбекистон ҳудудида ҳафтанинг биринчи ярмида ёмғирли об-ҳаво кузатилади. Пайшанба ва жума кунлари эса ёғингарчиликсиз ўтади. Ҳарорат кундузи +25 даражагача илиқ, кечаси +8 даража атрофида бўлади.
Ўзгидромет маркази ҳафта давомида — 17−21 октябрь кунларида кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.
Душанба куни республика ҳудудига Волга бўйидан Россия Европа қисмининг (Москва вилояти) марказий ҳудудлари устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кун давомида, Фарғона водийси вилоятларида эса кечга томон баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади.
Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Шимолда ва чўл ҳудудларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Кундуз куни ҳаво ҳарорати …+20…+25 даражадан ошмайди.
Сешанба куни Туркманистондан булутларнинг кейинги қисми кириб келишида жанубий марказий ва шарқий туманларда ёмғир ёғади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Республиканинг барча ҳудудлари бўйича шамол 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси …+5…+10 даражагача пасаяди, кундузи …+15…+20° бўлади.
Чоршанба куни республиканинг катта қисмида ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида кучли бўлади, баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси …+5…+8 даражагача илиқ, шимолда баъзи жойларда …+0…+2 даражагача совуқ, кундузи …+13…18 даражагача пасаяди.
Пайшанба ва жума кунлари Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Кечалари ҳаво ҳарорати минимал даражага етади ва …+3…+5 даража илиқ атрофида бўлади, қуёш нурлари иситиши натижасида кундуз кунлари …+17…+22 даражагача кўтарилади.