Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 4-мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал юз бергани ҳақида хабар тарқалди. Туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Хабар бўйича туман халқ таълими бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилган. Аниқланишича, ҳолат тумандаги 4-умумтаълим мактабида 12 октябрь куни соат 9:55 атрофида содир бўлган. Ўрганишларга кўра, дарсга кирмай юрган ўқувчи Ж.А. ўқитувчи А.С. томонидан дарсга жалб қилиниш жараёнида ўқувчи Ж.А. ҳақоратли сўзлар айтган. Ҳақоратларга чидай олмаган ўқитувчи ўқувчига тарсаки туширган.
Ушбу ҳолат бўйича (бўлиб ўтган воқеа ва ўқувчини тартибга чақириш юзасидан) ўқитувчи мактаб директори ва мактаб психологига мурожаат қилган. Мактаб ўқитувчилари, ИИБ вакили иштирокида жараёнлар директор раислигида муҳокама қилиниб, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмагани учун ўқитувчига таълим муассасаси раҳбари томонидан танбеҳ берилган. Ўқитувчи ҳақоратларни эшитиб, айбдор бўлгани учун ишдан бўшаши тўғрисида ўз хоҳишига кўра ариза ёзган.
Хизмат текшируви жараёнида 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси А.С. ўз хатти-ҳаракатлари билан 2022 йил 28 июлда халқ таълим вазирининг 246-сонли буйруғи билан тасдиқланган, умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмагани аниқланган.
Ўқитувчи А.С.нинг ҳомиладорлиги сабабли Ўзбекистон меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслик тушунтирилган.
Аммо ўқитувчига ўз аризасига кўра ишдан бўшаган. Ҳозирда ҳар иккала шахснинг руҳий ҳолати мутахассислар назоратига олинган.