«Давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг олдини олиши шарт», — дея талаб қўйилган қонунда.
Яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонуни қабул қилинганлиги тизимни янада мустаҳкамлашга, фаолиятни барқарорлаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Қонунга кўра, давлат хизматчиси касбга бўлган ижобий муносабати ҳамда алоҳида жонбозлик кўрсатиб ишлагани сабаб, хизмат поғоналари бўйича ўсиш, раҳбариятга шахсий фикрини билдириш, ўзи фаолият юритаётган давлат органи ёки ташкилоти фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифларни бериш ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлишини белгилаб қўйилганлиги ишга бўлган муносабатни янада ижобий томонга ўзгаришига хизмат қилади.
Қонун ижросига мукаммал киришилса, турли хил адолатсизликлар, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликка барҳам берилган бўлади. Сабаби, давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида ҳар-хил ёндашувларга барҳам берилади. Ушбу қонун билан давлат органларида фуқаролик ҳизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилгани айни мудаао бўлди.
Энг аҳамиятлиси, давлат хизматчиси ўз раҳбарининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупция ҳақида хабар берганда давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга бўлди, бу эса ўз фаолиятини давом эттиришини кафолатлайди. Айни вақтда, давлат хизмачиси ҳам ўз ҳуқуқларини билган ҳолда, бурчларини ҳам бажариши лозим. У даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериб бориши, фаолияти даврида ҳайфсан, жарима, ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилади.
Давлат хизматчиси унга юклатилган хизмат вазифаларини виждонан бажариш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат фуқаролик хизматининг нуфузини туширишга олиб келувчи ёки давлат фуқаролик хизматчиси ўз хизмат вазифаларини виждонан бажаришга шубҳа туғдирадиган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиш шарт қилиб белгилаб қўйилди.
Одоб-ахлоқ қоидаларида эса давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида амал қилиши лозим бўлган принциплар, мажбуриятлар белгилаб қўйилган бўлиб, улар давлат хизмати соҳасида бевосита ва билвосита коррупциявий қилмишларни олдини олишга йўналтирилган, дейишимиз мумкин.
Хусусан, мазкур қоидаларга кўра давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида адолатлилик, ҳалоллик ва холислик принципларига амал қилиши лозим. Одоб-ахлоқ қоидаларига кўра давлат хизматидаги раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, унга бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак. Шу билан бирга, раҳбар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши, коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши шарт.
Хусусан, иш вақтидан ташқарида ҳам давлат хизматчиси одоб-ахлоқ нормаларига амал қилиши, ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этмаслиги, тегишли хизматларни қабул қилишда ўзининг мансаб мавқеидан фойдаланмаслигини белгилаб қўйилгани кўпдан бери эътирозларга сабаб бўлиб келаётган масалалардан бири эди.
Давлат хизматчиси фаолиятда ҳам, одоб-аҳлоқда ҳам, оилавий тутумда ҳам фуқароларга намуна, ўрнак бўлишлиги – тўғридан-тўғри вазифа бўлиши лозим, бу олтин қоидаларни эса Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилганлиги янада масъулиятни ошириб, мунтазам ижрони таъминлаб беради.
“Ўзагросуғурта” АЖ Наманган вилоят филиали бошқарувчиси
А.Мирзаев